Жаҳон | 07:44
7580
2 дақиқада ўқилади

Фотоқопқон бўри ва айиқнинг ғайриоддий хатти-ҳаракатини қайд этди

АҚШнинг Миннесота штатида ўрнатилган фотоқопқонлар янги тутилган балиқ ёнида бўри ва қора айиқнинг кам учрайдиган ҳамда кутилмаган хатти-ҳаракатини қайд этди.

Фото: The Voyageurs Wolf Project

Voyageurs Wolf Project лойиҳаси томонидан эълон қилинган видеотасвир ўтган баҳорда, маҳаллий бўрилар тўдаси мунтазам равишда балиқ тутадиган сой яқинида олинган. 274 мингдан кўпроқ кўрилган роликда бўри балиқни қолдириб, у ердан кетгани акс этган.

Шундан кейин кадрда қора айиқ пайдо бўлади. У эҳтимолий ўлжани ҳидлаб кўради, аммо охир-оқибат кутилмаганда ортига бурилиб, балиққа тегмасдан кетиб қолади. Орадан икки кун ўтгач, бошқа бир урғочи бўри келиб, балиқни олиб кетади.

Бу ёзув ҳайвонларнинг жуда қизиқ ва кам учрайдиган хатти-ҳаракатини намойиш этди. Айиқ осон ўлжани эътиборсиз қолдирган, ҳолбуки одатда айиқлар тезда озуқа қўлга киритиш имкониятини қўлдан бой бермайди.

“Ажабланарлиси шундаки, қора айиқ балиқни кўриб, гўё ҳайратга тушгандай кўринди ва ҳатто уни татиб ҳам кўрмай, шунчаки кетиб қолди, — дейди лойиҳа тадқиқотчилари. — Биз айиқ бундай имкониятдан мамнуният билан фойдаланади, деб ўйлаган эдик, аммо бу сафар бундай бўлмади”.

Бореал ўрмонларда бўрилар балиқ тутадиган ҳолатлар жуда кам қайд этилади. Олимларга айнан фотоқопқонлар ушбу жараённи кузатиш имконини берди.

Бундан аввал камералар ўхшаш хатти-ҳаракатни аллақачон тасвирга олган эди: бўри балиқ тутади, уни сой қирғоғида қолдиради ва ўлжани дарҳол емай, балиқ овини давом эттириш учун яна қайтиб кетади. Янги видео шуни тахмин қилишга имкон берадики, озуқани “захира учун” қолдириш стратегияси бўрилар орасида аввал ўйланганидан анча кенг тарқалган бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид