Жаҳон | 18:19
4318
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон флоти қўмондонини ўлдирди

У Ҳўрмуз бўғози тўсиб қўйилиши учун бевосита масъул бўлгани айтилган.

SEPAH NEWS / AFP

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, адмирал Алиризо Тангрисий Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац маълум қилди.

Кац уни Ҳўрмуз бўғозини миналаштириш ва кемалар қатновини тўсиб қўйиш бўйича «террорчилик амалиёти учун бевосита жавобгар шахс» деб атаган.

Исроиллик ҳарбийлар маълумотига кўра, Тангриси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси юқори мартабали қўмондонлари Бандар-Аббос шаҳрида ўтказаётган йиғилиш жойига зарба йўллаш орқали ўлдирилган.

Исроил мудофаа вазири бу амалиётни Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига йўлланган «нома» деб атаган. «Исроил мудофаа армияси сизни таъқиб қилади ва бирин-кетин йўқ қилади», – деган Кац.

28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаганидан кейин Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйди ва ундан ўтмоқчи бўлган кемаларга ҳужум қила бошлади. Можаро бошидан буён камида 22 та кема ҳужумга учраган. Форс кўрфазида бўғоздан ўтишга ботина олмаган 3200 та кема тўпланиб қолган. АҚШ президенти Ҳўрмуз бўғозини очиш талаби билан Эронга ултиматум қўймоқда. 25 март куни Теҳрондагилар бўғоз «душман бўлмаган» кемалар учун очиқлигини маълум қилган.

Ҳўрмуз бўғози Форс кўрфазини очиқ океан билан боғлайди. Бу Яқин Шарқдан хомаёш етказиб бериш йўлидаги муҳим участка ҳисобланади: жаҳондаги нефт хомашёсининг қарийб 35 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг қарийб 20 фоизи шу сув йўли орқали ташилади.
 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид