Ўзбекистон | 09:37 / 30.03.2026
2397
2 дақиқада ўқилади

Учта янги миллий табиат боғи ташкил этилади

Президент қарорига мувофиқ, мамлакатда табиатни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида учта янги миллий табиат боғи ташкил этилиб, мавжуд “Поп” миллий табиат боғи ҳудуди кенгайтирилади.

Фото: uzbekistan.travel

2026 йил 25 мартда қабул қилинган “Овжазсой – Мовий тоғлар”, “Писком”, “Фарғона” миллий табиат боғларини ташкил этиш ва “Поп” миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, Тошкент вилоятида икки янги миллий табиат боғи барпо этилади.

Жумладан, Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг “Овжазсой” участкасидаги 9,2 минг гектар ер майдонида “Овжазсой – Мовий тоғлар” миллий табиат боғи, шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7 минг гектар ер майдонида “Писком” миллий табиат боғи ташкил этилади.

Шу билан бирга, Фарғона вилояти Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Фарғона ва Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8,9 минг гектар ер майдонлари ҳисобига умумий майдони 22,9 минг гектардан иборат “Фарғона” миллий табиат боғи барпо этилади.

Қарорга мувофиқ, Наманган вилоятидаги “Поп” миллий табиат боғи ҳудуди ҳам кенгайтирилади. Унга Мингбулоқ ва Поп адирликларидаги 33,6 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 91,2 минг гектар ер майдони қўшилиб, умумий ҳудуд 125,3 минг гектарга етказилади.

Мазкур чора-тадбирлар табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, биохилмахилликни сақлаш ҳамда экологик туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид