Жаҳон | 07:56
3163
2 дақиқада ўқилади

Қуруқликдаги “спринтерлар”: энг тез ҳайвонлар

Айрим ҳайвонлар ўлжасини қувиш ёки йиртқичдан қочиш пайтида жуда юқори тезликка эриша олади. Янги инфографикада сайёрадаги энг тез югурувчи қуруқликда яшовчи сут эмизувчилар келтирилган.

Фото: AP

Энг тез қуруқликдаги сут эмизувчи ҳайвон — гепард ҳисобланади. У соатига 114 км тезликкача югура олади. Аммо амалда ўлжани қувиш вақтида унинг тезлиги одатда 80–100 км/соат атрофида бўлади.

Гепард 100 км/соат тезликка 3 сонияда чиқа олади, бироқ бундай юқори тезликни фақат қисқа масофада ушлаб туради.

Энг тез ҳайвонлар қаторида вилорог ва спрингбок алоҳида ажралиб туради. Вилорог гепарддан қисқа масофада орқада қолса-да, у узоқ вақт давомида юқори тезликни сақлаб тура олади. Унинг қайд этилган максимал тезлиги — 88,5 км/соат. Спрингбок ҳам шунга яқин натижа кўрсатади.

Айрим маълумотларга кўра, шерлар (айниқса, урғочи шерлар) 80 км/соат тезликкача ета олади. Аммо улар ҳам гепард каби бу тезликни фақат қисқа вақт сақлай олади. Гну ва гарна антилопалари ҳам тахминан 80 км/соат тезликка эга.

Энг тез ҳайвонлар қаторига айрим ит зотлари ҳам киради. Масалан, грейхаунд (инглиз борзойи) соатига 67,3 км тезликкача югура олади.

Отларнинг тезлиги зотига боғлиқ: пойга оти — 70,76 км/соат (2008 йилда рекорд), Америка квортерхорси — 88 км/соат гача тезлашиши мумкин

Янги инфографикада барча энг тез ҳайвонлар қамраб олинмаган. Шунингдек, ҳайвонларнинг максимал ва ўртача тезлиги турли манбаларга кўра фарқ қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид