Жаҳон | 11:34 / 04.04.2026
9574
1 дақиқада ўқилади

Абу-Дабида портлаш: стратегик газ объекти нишонга олинди

Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган йирик Habshan газ мажмуасига ҳужум амалга оширилди. Ҳужум натижасида объектда ёнғин юзага келиб, камида бир киши ҳалок бўлган.

Фото: REUTERS

Расмий маълумотларга кўра, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари келаётган ракета ёки дронни йўқ қилган, аммо унинг парчалари газ объекти ҳудудига тушиб, икки нуқтада ёнғин келтириб чиқарган.

Ҳодиса оқибатида бир Миср фуқароси ҳалок бўлган, яна тўрт киши енгил жароҳат олган.

Маҳаллий ҳокимиятлар хабар беришича, объектга “сезиларли даражада зарар етган” ва ҳозирда зарарни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан газ мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Habshan комплекси БААнинг энг йирик газ қайта ишлаш инфратузилмаларидан бири бўлиб, мамлакат энергетика тизимида муҳим ўрин тутади.

Мутахассислар бу ҳужумни Яқин Шарқдаги кенгаяётган ҳарбий можаролар билан боғламоқда. Охирги вақтларда минтақада нефт ва газ объектларига қаратилган зарбалар кўпайиб, глобал энергия бозорида хавотирларни кучайтирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид