Жаҳон | 00:35
725
2 дақиқада ўқилади

Абу-Дабидаги АЭС яқинида дрон ҳужумидан сўнг ёнғин келиб чиқди 

Абу-Даби (БАА)даги «Барака» атом электр станцияси яқинида дрон зарбаси сабабли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Абу-Даби ОАВ ишлари бошқармаси хабар қилди.

«Якшанба куни дрон зарбаси Абу-Дабидаги “Барака” атом электр станцияси яқинида ёнғин келтириб чиқарди. Ҳодиса радиация хавфсизлиги ёки объектнинг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмади», — дейилади баёнотда.

Баёнотда айтилишича, ёнғин АЭСнинг ички хавфсизлик периметридан ташқарисида Ал-Дафра ҳудудидаги электр генераторида келиб чиққан.

Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

«Барака» АЭС — араб дунёсидаги биринчи ва мамлакатдаги ягона атом электр станцияси ҳисобланади. У БАА электр энергиясининг тахминан 25 фоизини таъминлайди ва Форс кўрфазидаги энг стратегик муҳим энергетика объектларидан бири саналади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид