Ўзбекистон | 09:17 / 04.04.2026
2175
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний биологик фаол қўшимчаларни етказиш занжири фош этилди

Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан айланма йўллар орқали мамлакатга олиб кирилган биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний айланмаси фош этилди. Ҳужжатсиз маҳсулотларни ташиш ва қабул қилиш билан боғлиқ бир неча шахс ушланди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ички ишлар ва божхона органлари билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда 1977 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина кўздан кечирилиб, салонда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо тегишли ҳужжатлари бўлмаган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу маҳсулотлар қўшни давлатдан айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб кирилган бўлиб, Андижон вилояти ҳудудида уларни қирғизистонлик эгасига топшириш режалаштирилган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида биологик фаол қўшимчаларни қабул қилиб олаётган вақтида Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Манас шаҳрида яшовчи 1976 йилда туғилган аёл ҳамда у билан бирга келган, Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган таниши ҳам ушланди.

Маълум қилинишича, жами 2957 дона флакондан иборат бўлган “Самюн Ван”, “Черный тмин”, “Сенна Мекканская”, “Мумие Алтайское”, “Кыст аль-Хинди” номли биологик фаол қўшимчаларнинг умумий қиймати 226 миллион 343 минг сўмни ташкил қилади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид