Спорт | 21:47 / 04.04.2026
7251
2 дақиқада ўқилади

Синдоров бу сафар хитойлик рақибини таслим этди

Ўзбекистонлик шахматчи Номзодлар турниридаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлади.

Фото: X / FIDE_chess

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 4 апрел куни Номзодлар турнирининг 6-турида хитойлик Вэй Ини мағлуб этди.

Жаҳон рейтингида 7- ўринда турувчи Вэй И Жавоҳирнинг олдинги рақиблари сингари таслим бўлишга мажбур бўлди.

Шу тариқа ўзбекистонлик шахматчи турнирдаги бешинчи ғалабасига эришди. У 6 имкониятдан 5,5 очко жамғарган ҳолда пешқадамликни янада мустаҳкамлади.

Синдоров 5-турда жаҳон рейтингида иккинчи ўринда бораётган америкалик Ҳикару Накамурани, 4-турда эса америкалик яна бир шахматчи, жаҳон рейтингида учинчи ўринда турган Фабиан Каруанани таслим этганди.

Энди Жавоҳир Синдоров 5 апрел куни 7-тур доирасида нидерландиялик Аниш Гирига қарши дона суради.

Кипрнинг Пафос шаҳрида 29 март куни бошланган 2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелгача давом этади. Унда жаҳоннинг саккиз нафар номдор шахматчилари иштирок этмоқда. Жавоҳир Синдоров ушбу турнирга йўлланма олган илк ўзбекистонлик ҳисобланади.

Турнирда шахматчилар икки даврада жами 14 партия ўйнашади, яъни олдинда яна 9 тур бор. Ғолиб пул мукофотларидан ташқари (ғолиблик учун 48 минг евро берилади, шунингдек, ҳар бир иштирокчи жамғарган ҳар ярим очкоси учун 3500 евродан олади) амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши шахмат тожи баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид