Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФВВ: “Бешқўрғон”даги ёнғинда жабрланганлар йўқ
Ижтимоий тармоқларда “Бешқўрғон” савдо мажмуасидаги ёнғинда жабрланганлар борлиги ҳақида тарқалган хабарлар ўз тасдиғини топмади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий маълумот бериб, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаганини маълум қилди.
Фото: Видеодан кадр
ФВВ хабарига кўра, “Бешқўрғон” савдо мажмуасида юз берган ёнғин тезкорлик билан бартараф этилган. Ҳодиса жойига етиб келган қутқарув ва ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан ёнғин қисқа вақт ичида назоратга олиниб, кенг ҳудудга тарқалишининг олди олинган.
Вазирлик таъкидлашича, ёнғин оқибатида фуқаролар орасида жабрланганлар йўқ. Шу билан бирга, ҳодиса сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
ФВВ айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган “жабрланганлар бор” мазмунидаги хабарлар асоссиз эканини қайд этиб, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ахборот тарқатишда эҳтиёткор бўлишга чақирди.
5 апрел куни Тошкент шаҳридаги «Бешқўрғон» бозорида кучли ёнғин чиққанди.
Ижтимоий тармоқларда бозор ҳудудида қуюқ қора тутун устуни осмонга кўтарилгани акс этган беҳисоб видеолар тарқалган. Кадрларда одамлар бозор ичкарисидан ўз товар ва машиналарини олиб чиқишга шошилганини кўриш мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, соат 15:56 да Чилонзор тумани, Тошкент катта ҳалқа автомобил йўли кўчасида жойлашган «Бешқўрғон» бозорида дўкон ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб борган ва ёнғинни ўчиришга киришган. Ёнғин жойига Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икромов етиб борган.
Ёнғин соат 18:18 да ўчирилди. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.