Жаҳон | 19:23
17761
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги теракт учун судланган шахс ўз жонига қасд қилди

«Крокус»даги теракт ижрочилари ва уларга ёрдамчи деб топилганлар умрбод қамоқ жазосини олган эди.

Юсуфзода Ёқубжони Давлатхон / Фото: РИА Новости

Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахс ўз жонига қасд қилди, деб хабар берди РБК Россия жазони ижро этиш федерал хизматига (ФСИН) таяниб.

«Жойида реанимацион муолажалар ўтказилди, аммо натижа бўлмади. Ҳозир текширув ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

ФСИН маълумотларига кўра, ҳодиса кузатув камералари орқали аниқланган. Қайд қилинишича, маҳкумнинг исми-шарифи шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ ошкор этилмайди.

«РИА Новости» хабарига кўра, Юсуфзода Ёқубжони Давлатхон ўз жонига қасд қилган.

Россия Ғарбий округ ҳарбий суди 12 март куни «Крокус»даги теракт ижрочилари - Шамсиддин Фаридуний, Далержон Мирзоев, Маҳаммадсобир Файзов ва Саидакрами Ражабализодани умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шунингдек, Тергов томонидан ёрдамчи деб топилган яна 11 нафар шахсга умрбод қамоқ жазоси тайинланди, яна 4 нафарига 19 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид