Ўзбекистон | 16:08
3982
2 дақиқада ўқилади

«Бешқўрғон» бозори ёнғиндан кейин вақтинча ёпилди

Чилонзордаги «Бешқўрғон» бозори ва унинг яқинидаги заправка ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани учун ёпилди. ФВВ текширувида мажмуадаги ёнғин ўчириш тизими ишламаётгани ва бошқа жиддий камчиликлар аниқлади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида йирик ёнғин содир бўлган «Бешқўрғон» бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

5 апрел куни бозорда йирик ёнғин содир бўлганди. Ёнғинни ўчириш ишлари 2,5 соатга яқин давом этган. Тармоқларда тарқалган видеоларда бозор ҳудудида қуюқ тутун устуни кўтарилгани, одамлар ўз мулкини қутқаришга ҳаракат қилаётгани акс этган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. ФВВ зарар миқдорига аниқлик киритмаган. Аммо мажмуанинг 3000 кв.м майдони ва моддий бойликлари, шунингдек, унга туташ бўлган ҳудуддаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳамда 5 қаватли автотураргоҳ ёнғиндан сақлаб қолингани маълум қилинган.

Шундан сўнг Тошкент шаҳри ФВББ томонидан мажмуа ҳудуди ва унинг атрофидаги ёнилғи қуйиш шохобчаси тегишли тартибда текширилган.

Текширув давомида заправкада ёнилғи сақлаш сиғимига яқин масофада жойлашган бинодан омборхона сифатида фойдаланилаётгани, савдо комплекси биносидаги мавжуд автоматик ёнғин ўчириш тизими носоз ҳолатда экани ва шунга ўхшаш бир нечта ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Барча камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар уларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид