Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон бозорида янги босим: ХВЖ уруш оқибатларини санаб ўтди
Яқин Шарқдаги уруш жаҳон иқтисодиётига зарба беради, дея маълум қилди Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбари Кристалина Георгиева. Жаҳон нефт таъминоти аллақачон 13 фоизга қисқарган. Ҳатто можаро тез орада якунланса ҳам, ХВЖ иқтисодий ўсиш бўйича прогнозини пасайтиради.
Фото: REUTERS/Valentyn Ogirenko
Яқин Шарқдаги уруш инфляциянинг ўсишига ва жаҳон иқтисодий ўсишининг секинлашишига олиб келади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева душанба, 6 апрел куни, Reuters агентлигига берган интервюсида, жамғарманинг келаси ҳафта эълон қилиниши режалаштирилган янги жаҳон иқтисодиёти прогнози арафасида айтди.
ХВЖ раҳбарининг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги уруш энергия ташувчиларнинг глобал таъминотида “тарихдаги энг кучли узилиш”ни келтириб чиқарди. Бунга Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг амалда тўсиб қўйилиши сабаб бўлган. Мазкур бўғоз орқали жаҳондаги нефт ва газ таъминотининг тахминан 20 фоизи ўтади. Исроил, АҚШ ва Эрон ўртасида бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган можаро аллақачон жаҳон нефт таъминотини 13 фоизга қисқартирди, дея қўшимча қилди у.
Можаро тез орада ҳал этилган тақдирда ҳам, ХВЖ барибир жаҳон иқтисодий ўсиши бўйича прогнозини пасайтириш ва инфляция бўйича прогнозини ошириш ниятида, деди Георгиева.
Георгиеванинг айтишича, агар Яқин Шарқдаги уруш бўлмаганида, ХВЖнинг жаҳон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнози 2026 йил учун 3,3 фоиз, 2027 йил учун эса 3,2 фоизни ташкил этар эди. Аммо ҳозирда барча йўллар нархлар ошиши ва иқтисодиёт секинлашишига олиб бормоқда, дея таъкидлади у.
ХВЖ раҳбари шунингдек, урушдан энг кўп энергетика захиралари ва аҳолига ёрдам бериш учун бюджет имкониятлари етарли бўлмаган камбағал давлатлар жабр кўраётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу эса ўз навбатида ижтимоий-сиёсий беқарорлик хавфини кучайтиради.
Мавзуга оид
21:34 / 06.04.2026
Март ойидаги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?
08:36 / 06.04.2026
Яқин Шарқдаги можаро: нефт бозорига таъсир кучаймоқда
21:12 / 04.04.2026
Хитой ва Покистон Эрон урушида воситачи бўлмоқчи. Улар нимани таклиф қилди?
09:11 / 04.04.2026