Ўзбекистон | 14:49
3350
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Амир Темур хиёбонига ташриф буюрди

Президент Тошкент марказидаги хиёбонда Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди ва боғга кўчат экди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, машҳур давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Мамлакатда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланмоқда. Сана муносабати билан мамлакатда маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ҳар йил апрель ойини мамлакатда Амир Темур ойлиги сифатида ўтказиш белгиланган. Ижодкорлар томонидан янги илмий ва бадиий китоблар, фильм ва спектакллар, тасвирий санъат асарлари яратилмоқда. Хусусан, машҳур «Темур тузуклари» асари янгитдан нашр этилди.

Бундан 30 йил олдин қурилган Темурийлар тарихи давлат музейи замонавий талаблар асосида қайта таъмирланди. «Энди ушбу маскан илму маърифат, инновацион тафаккур, янги ғоялар ва тадқиқотлар марказига айланмоқда. Бу ерда барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, мазкур даргоҳ эл-юрт, айниқса, ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Тадбир давомида Амир Темур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Амир Темур хиёбонида ҳам катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Тадбир якунида Шавкат Мирзиёев хиёбонда кўчат экди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид