Йиғилишда қайд қилинишича, охирги 3 йилда пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий электробус ва автобуслар олиб келинди. Брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам йўналиш йўлга қўйилди. Натижада ҳар куни йўналишга чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етди. Кунлик қатновлар сони 2022 йилдаги 18 мингтадан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошди. Шу орқали 4,8 мингта янги иш ўрни яратилди.

Тақдимотда жамоат транспортини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди. Урбанизация жараёнлари тезлашаётгани, пойтахт ва вилоят марказларига туташ ҳудудларда аҳоли ҳаракати кескин кўпайгани сабабли шаҳарларга киришда қатновлар 30 фоизга ошгани қайд этилди.

Шу муносабат билан шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш таклиф қилинди. Бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Минерал сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Умуман, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида 79 та шундай йўналиш ташкил этиш режалаштирилган.

Пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларини ўзаро боғлаш мақсадида “электропоезд – автобус”, “электропоезд – метро” каби қулай тарифларни жорий этиш таклиф қилинди.

Қолаверса, вилоят марказларида жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш зарурлиги таъкидланди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудларда яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж бор. Шу боис, замонавий автобуслар олиб келишни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш, кредит линияларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Жумладан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна 2 йилга узайтириш таклиф қилинди.

Тақдимотда автобус ҳайдовчилари учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда айрим ҳайдовчилар меъёрдан ортиқ ишлаётгани хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Ўтган йили пойтахтнинг ўзида ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракатлари ва муомаласи юзасидан аҳолидан 1 минг 670 та шикоят келиб тушган. Автобуслар иштирокида 109 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.