Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Вақт йўқотяпмиз” — ҳайдовчилар заправкаларда нақд тўловнинг тўхтатилгани ҳақида
Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан заправкаларда бензин, метан, пропан ва дизелни нақд пулга сотиш тақиқланди. Янги тартиб қандай ишлаяпти? Бу мижозларга қулайлик туғдиряптими ёки бунинг акси? Kun.uz мухбири пойтахтдаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бўлиб, шу каби саволлар билан аҳолига юзланди.
2026 йил 1 апрел санаси – Ўзбекистонда нақдсиз иқтисодиётга ўтиш йўлидаги бурилиш нуқтаси бўлди: метан ва пропан, бензин ва дизел каби ёқилғилар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, коммунал ва давлат хизматлари, кўчмас мулк ва автомобиллар, қолаверса, қиймати 25 млн сўмдан ортиқ ҳар қандай товар ва хизматни фақат нақдсиз шаклда олди-сотди қилиш тартиби кучга кирди.
Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бўлиб, ушбу тартиб ҳақида ҳайдовчиларнинг фикрини ўрганди.
“Анча вақтни олиб қўймоқда”
Ҳайдовчилардан бирининг айтишича, нақд тўлов тўхтатилгандан сўнг машинага ёнилғи қуйиш вақти ҳам узайган.
“Анча вақт кетиб қоляпти. Заправкага келиб пул нақд бўлса, аввал банкоматдан картага пул ташлаш керак. Шунга вақт йўқотяпмиз”, — дейди ҳайдовчи.
Шунингдек, картадан тўлашда айрим вақтлар узундан узун навбатлар ҳосил бўлиб қолаётгани ҳам қайд этилди.
“Фоиз юқори”
Бошқа бир ҳайдовчи эса пластик картани нақд пул билан тўлдиришда фоиз юқори эканлигини таъкидлади.
“Бу фоиз халқ учун оғирлик қилади. Масалан, 300 минг сўмлик бензин олсам, ундан фоиз олиб қолади. Уч-тўрт кун юраманми ёки йўқ, яна бензин оламан, яна фоиз олиб қолади”, — дейди у.
“Нақд ҳам, карта ҳам бўлгани яхши эди”
Айрим ҳайдовчилар эса ёнилғи учун тўлов қилишда нақд ҳам, нақдсиз тўлов ҳам бирдек бўлиши керак деб ҳисоблашини айтди.
“Ҳамманинг ҳам картаси йўқ. Картани тўлдиришда эса фоиз олиб қолишади. Шунинг учун иккаласи бўлгани маъқул эди”, — дейди ҳайдовчи.
“Нақд бўлганда қулайроқ эди”
Яна бир ҳайдовчи нақд пулда тўлов бўлганда ёнилғи қуйиш қулайроқ бўлганини таъкидлади.
“Олдин қулай эди. Ҳозир банкка бориб, картамни тўлдириш учун 3 соат навбатда турдим”, — дейди у.
Бошқа бир ҳайдовчи шаҳардан ташқарига чиқилса, интернет яхши ишламаслиги ва карталарнинг ҳаммаси ҳам бирдек қабул қилинмаслик муаммолари ҳам борлигини айтди.
“Интернет зўр ишламайди. Шаҳардан сал ташқарига чиқсак, “тормоз” бўлиб қолади”, — дейди нақд тўловни ҳам қолдириш кераклигини айтган ҳайдовчи.
Шунингдек, репортаж жараёнида қатор ҳайдовчилар пластик картада тўлаш қулайлигини ҳам таъкидлади.
Мавзуга оид
13:42 / 31.03.2026
Ўзбекистонда 2026 йил бошида қандай автомобиллар сотилди?
16:05 / 21.03.2026
Испания ёнилғига ҚҚСни деярли икки баробарга камайтиради
08:35 / 19.03.2026
Автотранспортларга ёнилғи бериш тартиби янгиланиши мумкин
21:43 / 01.02.2026