Ўзбекистон | 08:35
2030
2 дақиқада ўқилади

Автотранспортларга ёнилғи бериш тартиби янгиланиши мумкин

Ўзбекистонда автотранспорт воситаларига нефт маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газ бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда рухсатнома, тарқатиш варақалари ва ҳисоб-китоб жараёнларини соддалаштириш назарда тутилган.

Фото: Kun.uz 

Лойиҳага кўра, амалдаги қоидалар номи ҳам ўзгариши мумкин. Хусусан, унда “лимит китобчалари” атамасини чиқариб ташлаш ва ҳужжат номини “Рухсатномалар ва тарқатиш варақалари бўйича автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун нефт маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган табиий газни бериш қоидалари” деб белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, рухсатнома ва тарқатиш варақаларини тайёрлаш, сақлаш ва расмийлаштириш тартиблари қайта кўриб чиқилмоқда. Улар маҳсулот етказиб берувчилар томонидан типография усулида тайёрланиши, қабул қилиниши ва қатъий ҳисобда юритилиши назарда тутилган.

Янги тартибда нефт маҳсулотлари ва газни бериш маҳсулот етказиб берувчи ҳамда истеъмолчи ўртасидаги шартнома, тўлов ҳужжатларининг электрон нусхалари ва ишончнома асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Лойиҳада “тарқатиш ведомости” атамасини “тарқатиш варақаси” билан алмаштириш, айрим ортиқча ҳужжат шаклларини бекор қилиш, шунингдек, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳисоб-китоб ва ҳужжат юритишни аниқлаштириш таклиф этилган.

Бундан ташқари, хизмат сафаридаги автотранспорт воситалари учун нефт маҳсулотлари ва газни корпоратив карталар орқали олиш тартиби ҳам қайта белгиланмоқда. Бунда йўл варақаси, хизмат сафари буйруғи ва шартнома нусхаси асосий ҳужжатлар сифатида кўрсатилган.

Шу билан бирга, ёнилғи қуйиш шохобчаларида берилган маҳсулотлар бўйича ҳар ой якунида маҳсулот етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб далолатномаси тузилиши белгиланмоқда.

Мазкур ўзгартишлар ёнилғи бериш жараёнида ҳужжат айланмасини тартибга солиш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ва амалиётни замонавий талабларга мослаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид