Соғлом ҳаёт | 09:29 / 10.04.2026
1615
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар 2 ойда тиббий хизматларга 3,5 трлн сўм сарфлади

2026 йилнинг январ–феврал ойларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 3,55 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,7 фоизга ўсган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларнинг 17,2 фоизи тиббий амалиёт ва стоматология хизматларига, 30,7 фоизи шифохона муассасалари хизматларига, 52,1 фоизи эса соҳага доир бошқа хизматларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу ерда соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми 1 трлн 642,3 млрд сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 330,6 млрд сўм, Самарқанд вилояти — 264,3 млрд сўм ва Фарғона вилояти — 241,9 млрд сўм билан қайд этилган.

Шунингдек, Наманган вилоятида 162,5 млрд сўм, Андижон вилоятида 155 млрд сўм, Бухоро вилоятида 142,3 млрд сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилган. Энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида — 56,3 млрд сўм ва Қорақалпоғистон Республикасида — 60,8 млрд сўмни ташкил қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид