Жаҳон | 08:01
5122
2 дақиқада ўқилади

Қайси давлатларда одамлар энг кўп ишлайди?

Иш вақти давомийлиги мамлакатга қараб фарқ қилади. Янги инфографикага ҳафталик ўртача иш вақтидан келиб чиққан ҳолда энг “меҳнаткаш” давлатлар киритилган.

Фото: AP /Anupam Nath

Сўнгги йилларда кўплаб ривожланган давлатлар иш ҳафтасини қисқартиришга интилмоқда. Бироқ дунёда шундай мамлакатлар борки, у ерда одамлар ўртача ҳисобда ҳафтасига 45, ҳатто 50 соатдан ортиқ ишлайди.

“Энг меҳнаткаш” мамлакатлар рейтингида биринчи ўринни Бутан эгаллади. У ерда одамлар ўртача ҳафтасига 54,7 соат ишлайди. Бу мамлакатдаги иқтисодий вазиятни акс эттиради. Аҳолининг катта қисми қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги каби меҳнатталаб соҳаларда меҳнат қилади.

Шунга ўхшаш ҳолат Лесотода ҳам кузатилади. У ерда аҳоли ўртача ҳисобда ҳафтасига қарийб 50 соат ишлайди. Бу мамлакат иқтисодиёти ҳам қишлоқ хўжалиги ва қўл меҳнатига таянади.

Учинчи ўринни Сан-Томе ва Принсипи эгаллаган — бу Африка соҳиллари яқинидаги Гвинея қўлтиғида жойлашган шу номли архипелагдаги давлатдир. Унинг аҳолиси ўртача ҳисобда 49 соат ишлайди. Топ-5ликка, шунингдек, Конго Республикаси ва Иордания ҳам кирган.

Инфографикага киритилган мамлакатларнинг аксарияти Осиё ёки Африкада жойлашган. Бу ҳудудларда иқтисодиётда кўпинча меҳнатталаб тармоқлар устунлик қилади. Узоқ иш ҳафтаси одатда автоматлаштириш даражасининг пастлиги ва ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясининг кучсизлиги билан боғлиқ бўлади.

Иш ҳафтаси қисқа бўлган ҳар бир мамлакат ҳам фаровон дегани эмас. Масалан, энг кам соат ишлайдиган мамлакатлар топ-5лигига Норвегия ҳам, Яман ҳам кирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид