Жаҳон | 17:37
1228
4 дақиқада ўқилади

КУБА – катта ўйин ичидаги кичик давлат | MAYDON

Тошкент даҳаларига ўхшаш манзаралар яширинган олис Гавана. АҚШ биқинида жойлашса-да, Россияни танлаган Куба бугун яна глобал диққат марказида. Кўчаларида ҳалигача совет машиналари юрган бу давлат энди катта ўйин саҳнасига қайта чиқяпти. Чунки Доналд Трамп Кубани қўлга киритиш ҳақида очиқ гапирди. Навбат Кубагами? Сурия, Венесуэла, Эрондан кейинги босим ортида Россияни заифлаштириш режаси борми ёки бундан ҳам каттароқ ўйин кўзланганми? Ва бу ҳолат Марказий Осиё учун қандай сабоқ бўлиши мумкин? SUBYEKTIV ижодкорларидан яна бир лойиҳа — MAYDON’да катта мавзу қисқа дақиқаларда таҳлил қилинади.

Куба ҳақида...

Куба бир қарашда тушунарсиз манзара. Эски лимузинлар. Рангли ретро машиналар. Европача арт-деко бинолар ва бир вақтнинг ўзида — советча бетон уйлар. Салса, румбага рақсга тушаётган қувноқ одамлар ва қашшоқлик.

Ўртача ойлик маош 6000 песо, аниқроғи 3 млн сўм атрофида. Бу миқдорни долларда айтиш бироз ноқулайроқ. Чунки Кубада расмий ва “кўча бозори” курси ўртасида катта фарқ бор. Худди бир пайтлар бизда ҳам бўлганидек. Лекин бу пулнинг харид қуввати 11 миллион аҳоли учун жуда паст, нархлар эса тез ўсиб боряпти. Хўш, сабаб нима? Бу камбағал давлат нега кучли мамлакатлар диққат марказига чиқяпти? Бунга жавобни бироз аввалроқдан излаймиз.

Икки хил Куба

Пойтахт Гавана 1959 йилгача Лотин Америкасининг энг бой шаҳарларидан бири эди. Америка бизнеси, казинолар, туризм, қиммат меҳмонхоналар ва, албатта, машиналар. Лекин бу бойлик ҳаммага тегишли эмасди. Куба элита ва камбағалликка бўлинган катта фарқли давлат эди.

1959 йилда ҳокимиятга келган Фидел Кастро америкаликларга тегишли активларни миллийлаштирди, СССР билан савдо ва сиёсий алоқани кучайтирди. Москвадан нефт, пул, техника кела бошлади. Эвазига Куба шакар берди. Бу даврда мамлакатда пул кам, танлов кам, бойлар кам, лекин барқарорлик бор эди. Таълим ва тиббиёт яхши. Ишсизлик эса унчалик билинмаган.

Бу иттифоққа қарши бўлган Вашингтон расмий Гаванага босқичма-босқич иқтисодий жазолар қўллади. Кейин бу санкциялар тўлиқ эмбаргога айланди. АҚШ Кубага нисбатан дунёдаги энг узоқ давом этган санкция режимларидан бирини қўллади.

1990-йилларда СССРнинг парчаланиши Кубани оғир аҳволга солди. Иқтисодиёт 35 фоизгача қисқаради. Ёқилғи, озиқ-овқат етишмовчилиги бошланди.

Бир тарафдан санкциялар, ёпиқлик, яхши шерикдан айрилиш... Бугунги Куба — айнан шу воқеликларнинг натижаси. Ҳа, у ерда одамлар бугун махсус талон орқали кам танловли озиқ-овқат олишлари, эски бинолардан фойдаланишлари ёки ривожланишда жуда-жуда секин бўлишлари мумкин. Лекин яна бир ҳақиқат бор. Куба тиббиёти кучли. У ерда шифокорлар нафақат ўз халқини, балки бошқа давлатлар аҳолисини ҳам даволайди. Кўча ва уйларида мусиқа тўхтамайди. Одамлар қийинчиликларга қарамай санъат билан яшашади. Бугунги Куба иқтисодиёти туризм, пул ўтказмалари, тиббий хизмат, ўралган тамаки, руҳ рудаси, никел экспортига боғлиқ.

Кубадаги “Тошкентга ўхшаш” архитектура Гавананинг шарқий қисмидаги Аламар каби ҳудудларида учрайди. Пойтахтдаги баъзи даҳалар Тошкент, Киев ёки Минск четларидаги совет микрорайонларини эслатади. Гаванада бир вақтнинг ўзида испан мустамлакаси мероси, арт-деко, инқилобдан кейинги социалистик қурилиш ва советча панел массивлар аралаш яшайди.

Кастро даврида Гавана кўчаларида совет иттифоқи ишлаб чиқарган автомобиллар ва юк машиналари кенг тарқалган. Аммо бугун Кубанинг энг таниқли автотимсоли — советча автоуловлар эмас, 50-йиллардаги америка ретро машиналари. У ерда Америка бойлиги, совет тизими ва бугунги инқироз бир вақтнинг ўзида яшаяпти.

Мавзунинг қолган тафсилотларини юқоридаги видео ҳаволаси орқали ўтиб, кўришингиз мумкин...

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид