Жаҳон | 21:35 / 20.04.2026
5575
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош котиби лавозимига тўрт нафар номзод кўрикдан ўтади

Шу ҳафта Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бош котиб лавозимига тўрт нафар номзод билан оммавий интерактив мулоқотлар бошланади.

Фото: Valentin Flauraud/Keystone via AP

БМТ бош қароргоҳида Бош котиб лавозимига номзодлар билан биринчи очиқ суҳбатлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда AP News хабар берди.

Амалдаги бош котиб Антониу Гутерриш 2026 йил 31 декабрда лавозимини тарк этади. БМТ янги раҳбари 2027 йил 1 январдан бошлаб беш йиллик муддатга сайланади. Танлов жараёни юқори геосиёсий кескинлик шароитида ўтмоқда, бу эса номзодларнинг нисбатан кам - атиги тўрт нафар бўлишига олиб келди, деб таъкидламоқда нашр.

Номзодлар қуйидагилар:

- Мишел Бачелет (Чили, 74 ёш) – икки марта Чили президенти, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ Олий комиссари. Номзоди Бразилия ва Мексика томонидан кўрсатилган.

- Рафаэл Мариано Гросси (Аргентина, 65 ёш) – ХАЭА амалдаги бош директори (2019 йилдан). Аргентина томонидан кўрсатилган.

- Ребека Гринспан (Коста-Рика, 70 ёш) - Коста-Риканинг собиқ вице-президенти, 2021 йилдан ЮНКТАД (БМТ савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси) бош котиби. Коста-Рика номзоди.

- Маки Салл (Сенегал, 64 ёш) - Сенегалнинг собиқ президенти. Бурунди томонидан кўрсатилган (Сенегал ва Африка Иттифоқининг расмий кўмагисиз).

Мишел Бачелет
Рафаэл Мариано Гросси
Ребека Гринспан
Маки Салл

Аввалроқ Виржиния Гамба (Аргентина) ўз номзодини олиб ташлаган эди.

Анъанага кўра, БМТ Бош котиби лавозими минтақавий ротацияга амал қилади. Европа вакилидан (Гутерриш, Португалия) кейин кўпчилик Лотин Америкаси номзодини кутмоқда. Айнан шунинг учун дастлабки уч даъвогар кучлироқ позицияга эга.

Якуний қарорни БМТ Бош Ассамблеяси Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига кўра қабул қилади, бу ерда доимий аъзолар вето ҳуқуқига эга.

2016 йилги аввалги сайловда 13 нафар номзод қатнашганидан фарқли ўлароқ, бу галги пойга анча эҳтиёткор ва ёпиқ тарзда ўтмоқда - кўплаб нуфузли сиёсатчилар асосий давлатлар билан муносабатларни хавф остига қўйишни истамаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид