Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арманистондаги сайловларда Пашинян партияси етакчилик қилмоқда
Арманистонда 7 июнь куни мамлакатнинг келгуси ташқи сиёсий йўналишини белгилаб бериши мумкин бўлган парламент сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси томонидан бюллетенларнинг 55,95 фоизи қайта ишланганидан сўнг эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси 50,86 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.
Иккинчи ўринни арман миллатига мансуб россиялик тадбиркор Самвел Карапетян раҳбарлик қилаётган «Кучли Арманистон» мухолифат альянси эгаллаб, 23,19 фоиз овоз тўплади. Мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочарян етакчилик қилаётган «Арманистон» блоги эса 9,6 фоиз натижа қайд этди.
Шунингдек, тадбиркор Гагик Царукян раҳбарлигидаги «Фаровон Арманистон» партияси 4,1 фоиз овоз билан парламентга ўтиш имкониятини сақлаб қолди. Собиқ омбудсман Арман Татоян бошчилигидаги «Бирлик қанотлари» партияси эса 2,3 фоиз овоз олди.
Сайловларда иштирок этиш даражаси 58,97 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2018 ва 2021 йиллардаги парламент сайловларига нисбатан юқорироқ бўлди.
Амалдаги бош вазир Никол Пашинян сайлов комиссияси ҳали овозларнинг бешдан бир қисмини ҳам ҳисоблаб улгурмаган пайтдаёқ ўз партиясининг ғалабасини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, «Фуқаролик шартномаси» партияси ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Бироқ мазкур баёнот мухолифат вакиллари томонидан кескин танқид қилинди. Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блоги буни «ҳокимиятни узурпация қилишга қаратилган қадам» деб баҳолади. Арман Татоян эса Пашиняннинг баёнотини конституцияга зид ва бош вазир ваколатларидан ташқари ҳаракат сифатида талқин қилди.
Сайловларда жами 18 та сиёсий куч иштирок этди. Мамлакат қонунчилигига кўра, партиялар учун парламентга ўтиш тўсиғи 4 фоизни ташкил этади. Сайлов блоклари учун эса бу кўрсаткич таркибига қараб 8 ёки 10 фоиз қилиб белгиланган.
Арманистон парламенти ҳозирда 105 нафар депутатдан иборат бўлиб, уларнинг тўрт ўрни миллий озчилик вакиллари — ёзидийлар, руслар, курдлар ва ассурийларга ажратилган.
Бу галги сайловлар мамлакатнинг ташқи сиёсий келажаги нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Никол Пашинян ҳукумати 2025 йилда Европа Иттифоқи билан яқинлашув курсини қонунчилик даражасида мустаҳкамлади. Бу эса Ереван ва Москва муносабатларида муайян тарангликни келтириб чиқарди.
Пашинян Россия билан алоқаларни узиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган бўлса-да, мухолифат кучлари мамлакатнинг Москва билан яқин ҳамкорлигини сақлаб қолиш тарафдори сифатида майдонга чиққан.
Сайловлар арафасида Россия Арманистондан импорт қилинадиган ичимликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гуллар ва балиқ маҳсулотларига нисбатан қатор чекловлар жорий этди. Россия президенти Владимир Путин эса Арманистондаги вазиятни Украинадаги инқироз бошланиши олдидан кузатилган жараёнларга ўхшатган эди.
Шу боис мазкур сайловлар нафақат ички сиёсий кучлар ўртасидаги рақобат, балки Арманистоннинг Ғарб ва Россия ўртасидаги геосиёсий танлови сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
21:43 / 07.06.2026
Арманистонда парламент сайловларида овоз бериш якунланди
09:00 / 01.06.2026
Лукашенко: “Украинадаги воқеалар Арманистон учун сабоқ бўлиши керак”
22:33 / 29.05.2026
Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди
09:13 / 29.05.2026