Жаҳон | 14:15
1516
5 дақиқада ўқилади

Ҳамас расмийлари гуруҳ баъзи қуролларини топширишга тайёрлигини билдирди

Ҳамас Ғазодаги полиция ва хавфсизлик кучларига тегишли минглаб автомат милтиқлар ҳамда бошқа қуроллардан воз кечиши мумкин. Аммо бу ён бериш Исроил ва АҚШ талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Ғазо вайроналар орасида юрган Ҳамас кучлари / Фото: New York Times

Фаластиндаги қуролли қаршилик гуруҳи – Ҳамас Ғазодаги полиция кучлари ва бошқа ички хавфсизлик хизматларига тегишли минглаб автомат милтиқлар ва бошқа қуроллардан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда New York Times саволларига жавоб берган Ҳамас сиёсий раҳбариятининг Ғазодаги икки мулозими маълум қилди. Уларнинг изоҳлари ўтган ҳафта Қоҳирада Ҳамас ва «Тинчлик кенгаши» расмийлари ўртасида музокаралар кетаётган бир вақтда янгради.

2023 йил октябрда Ғазода бошланган 2 йиллик уруш давомида ҳам, ундан кейин ҳам Ҳамас расмийлари халқаро ОАВ билан камдан кам мулоқот қилади. Бу қисман – Исроил алоқаларни тутиб олиши, бу маълумотлардан уларни нишонга олиш учун фойдаланиши хавотири билан боғлиқ.

Бунинг ўрнига, одатда Қатар, Туркия ва Ливандаги Ҳамас етакчилари гуруҳ номидан гапиради. Шунга қарамай, Ғазодаги ҳарбий ва сиёсий етакчилар доимий сулҳ ёки Ҳамаснинг келажакдаги роли бўйича қарор қабул қилишда кучли таъсирга эга.

Қуролларни қисман топширишга оид бу қадам – ҳозиргача ўз қуролларидан воз кечишга қаршилик қилиб келган Ҳамас учун жуда катта ён бериш бўлади. Мулозимларнинг айтишича, Ҳамас ушбу қуролларни – «Тинчлик кенгаши» томонидан Ғазони бошқариш учун ташкил этилган Фаластин маъмурий қўмитасига топширишга мойил. Қўмита Ҳамаснинг ҳарбий қанотига тегишли қуролларни ҳам мусодара қила оладими, деган саволга гуруҳ мулозимлари аниқ жавоб бермади.

Кимда қандай қуроллар бор?

Ғазода Ҳамас бошқарувидаги ҳукумат полиция ва ички хавфсизлик хизматларини назорат қилади. Ҳамаснинг таклифида полициядан ташқари қайси хизматлар қуролларини топшириши аниқ кўрсатилмаган, аммо бу ички разведка агентлигини назарда тутган бўлиши мумкин.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, Ҳамаснинг ҳарбий қаноти полиция кучларига қараганда анча кўп қуролга эга. Жумладан, уларда ўн минглаб автоматлар ва танкка қарши ракеталар каби оғир қуроллар мавжуд.

Ғазо шаҳридаги кўчирилганлар лагери – 19 апрел, 2026 йил / Фото: Мажди Фатҳи

Ҳамас аввалроқ Ғазода давлат хизматларини кўрсатиш масъулиятини ҳам АҚШ қўллаб-қувватлайдиган қўмитага топширишга тайёрлигини айтган эди. Бироқ гуруҳ ўзининг қуролли баталонларини тарқатиб юбормаган. Нашрнинг ёзишича бу – Исроил ва Американинг қаршилигига қарамай, Ҳамас ҳудудда ўз таъсирини сақлаб қолишни истаётганидан далолат беради.

«Тинчлик кенгаши» эса Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш ва урушда вайрон бўлган кенг ҳудудларни қайта қуриш эвазига Ҳамасдан барча қуролларини топширишни талаб қилмоқда.

Исроилга қарши қуролли кураш узоқ вақтдан бери Ҳамас мафкурасининг маркази бўлиб келган. Гуруҳнинг кўплаб аъзолар қуроллардан воз кечишни кўзда тутувчи ҳар қандай келишувни таслим бўлиш билан баробар деб билади.

Ҳамаснинг Ғазо келажагидаги ўрни

Расмийларнинг айтишича, гуруҳ вакиллари ҳудуд бошқарувини янги маъмурий қўмитага ўтказишга тайёрланиш мақсадида – Ғазодаги бошқа қуролли гуруҳлар ва ҳукумат мулозимлари билан аллақачон уч марта учрашган.

Мулозимлар гуруҳнинг келажакда бошқарувдаги Ҳамаснинг вакили бўлишини талаб қилмаган. Бироқ улар Ҳамас ҳали ҳам Фаластин сиёсатида иштирок этишни ва мустақил Фаластин давлати тузилгунига қадар Исроилга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Ҳамас «ҳокимиятни тўлиқ топшириш учун барча тайёргарликларни якунлади», деб ёзади мулозимлар. Уларнинг сўзларига кўра, ягона тўсиқ — Ғазо ҳудудида янги маъмуриятнинг йўқлигидир. Янги Тинчлик кенгашининг янги бошқарув қўмитаси ҳозирча Қоҳирадан вақтинчалик фаолият юритмоқда.

2025 йил октябрдаги сулҳдан кейин Исроил Ғазонинг 58 фоизида ҳарбий мавжудлигини сақлаб турибди / Фото: Al-Jazeera

Нашрнинг ёзишича, «Тинчлик кенгаши» ҳам Ҳамас бошқарувидаги ҳукумат ходимларининг янги қўмитада баъзи лавозимларни, масалан, полициядаги ўринларни эгаллашига хайрихоҳдек кўринмоқда.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Ҳамас мулозимларнинг баёноти — гуруҳда қуролсизланиш борасидаги позиция ўзгарганини англатади. Бу кўпроқ ён беришларга олиб келадиган дастлабки қадам ёки шунчаки халқаро босимни чалғитишга уриниш ҳам бўлиши мумкин.

Икки мулозимнинг таклифлари Ғазони тўлиқ қуролсизлантириш ва демилитаризация қилишни хоҳлаётган Исроилнинг асосий талабига жавоб бермайди. Шунингдек, бу Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режаси устувор йўналишидан анча йироқдир.

Ушбу режа, шунингдек, Ҳамасни ҳокимиятдан четлаштиришни ва унинг ҳар қандай бошқарув ролини тақиқлашни кўзда тутади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ҳамасни керак бўлса куч билан қуролсизлантиришга ваъда бераётган бир пайтда Ғазодаги кўпчилик янги уруш тўлқини бошланишидан хавотирда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид