Ўзбекистон | 20:11 / 20.04.2026
2189
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳоли бандлиги бўйича 187 та давлат орасида 114-ўринни эгаллади

Республикада меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқароларнинг ярмидан сал кўпроғи иш билан таъминлангани таъкидланмоқда.

Фото: Kun.uz

Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 2025 йилги сўнгги тадқиқотига кўра, Ўзбекистон аҳоли бандлиги даражаси бўйича дунёнинг 187 мамлакати орасида 114-ўринни эгаллади. Мамлакатда бандлик даражаси 55 фоизни ташкил этди, яъни меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг ярмидан сал кўпроғи иқтисодий фаолиятга жалб этилган.

Бандлик даражаси меҳнат бозори ҳолатининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. У 15 ёшдан ошган аҳоли орасида ишлаётган фуқароларнинг улушини акс эттиради ва ХМТ томонидан миллий статистика хизматлари маълумотлари асосида ҳисобланади.

ХМТ экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги кўрсаткичлар нафақат ишсизлик, балки иқтисодиётда иштирок этмайдиган одамлар, жумладан, талабалар, уй бекалари ва норасмий секторда банд бўлганларнинг юқори улуши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

МДҲ давлатлари маконида етакчи Қозоғистон бўлиб, бандлик даражаси 67 фоиз билан дунёда 29-ўринни эгаллади. Беларус 61 фоиз билан 67-ўринда, Россия эса 60 фоиз билан 73-ўринда. Қирғизистон ва Тожикистон мос равишда 111- ва 175-ўринларни эгаллаб турибди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид