Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда банк мансабдори 40 минг доллар пора билан ушланди
Андижон вилоятида банк тизимида фаолият юритувчи юқори лавозимли мансабдор шахс катта миқдорда пора олаётган вақтида қўлга олинди.
Фото: Видеодан кадр
Маълум қилинишича, республика банкларидан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари кредит таъминоти учун гаровга қўйилган мулкларни сотувга чиқариш ваколатига эга бўлган. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий манфаат йўлида ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган.
Аниқланишича, мансабдор шахс Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 млрд сўм бўлган хусусий даволаш марказининг 4 қаватли биносини аукцион савдосида сотилмай қолганидан фойдаланган. У мазкур мулк нархини 12 млрд сўмга тушириб, банк балансига олиш ҳамда уни маҳаллий тадбиркорга аукционсиз, 7 йил муддатга фоизсиз кредит асосида олиб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у тадбиркордан 90 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга мурожаат қилишга чақирди. ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкинлиги ва шахс сир сақланиши кафолатланиши таъкидланди.
Мавзуга оид
11:44 / 06.04.2026
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар билан ушланди
09:17 / 21.03.2026
Андижон вилоятида «Қуруқ порт» қурилади
09:20 / 03.03.2026
819 млн сўмлик олтинни чегарадан яширинча олиб ўтишга уринганлар ушланди
13:24 / 28.02.2026