Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таълимда сунъий интеллект: талабалар олдинда, университетлар орқада қолмоқда
Тадқиқотга кўра, олий таълим талабаларининг 57 фоизи ҳар ҳафта сунъий интеллектдан фойдаланяпти. Олий ўқув юртлари эса ҳали ҳам бу борада орқада бормоқда.
Lumina Foundation ва Gallup томонидан ўтказилган янги тадқиқотга кўра (State of Higher Education Study 2026), сунъий интеллект аллақачон кўпчилик америкалик талабалар учун кундалик воситага айланган ва воқелик билан университет қоидалари ўртасидаги тафовут тобора яққолроқ намоён бўлмоқда.
Тадқиқотнинг асосий рақамлари:
- Талабаларнинг 57 фоизи ўқув жараёнида сунъий интеллектдан ҳар ҳафта ёки ундан кўпроқ фойдаланади, улардан 20 фоизи ҳар куни;
- 64 фоизи топшириқни тушунмаганда сунъий интеллектга мурожаат қилади;
- 60 фоизи уй вазифаларига берилган жавобларни унинг ёрдамида текширади;
- 54 фоизи матнларни таҳрирлаш ва яхшилаш учун фойдаланади;
- 49 фоизи курс ишлари ва иншолар учун ғоялар яратади.
Эркаклар сунъий интеллектдан аёлларга қараганда сезиларли даражада фаолроқ фойдаланади (ҳар куни – 27 фоиз/17 фоиз). Сунъий интеллект платформалари айниқса, бизнес, IT ва муҳандислик йўналишлари талабалари орасида машҳур.
Қоидалар ҳаётдан орқада қолмоқда
Кенг қўлланилишига қарамай:
- Талабаларнинг 53 фоизи олий ўқув юрти сунъий интеллектни тақиқлашини (11 фоиз) ёки тавсия қилмаслигини (42 фоиз) айтади.
- Талабаларнинг атиги 7 фоизи университет сунъий интеллект билан ишлашни рағбатлантиришини таъкидлайди.
- 50 фоиздан ортиғи таълим жараёнида сунъий интеллект бўйича аниқ қоидалар умуман йўқлигини тан олади.
Худди шундай ҳолат бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Stanford HAI AI Index 2026 маълумотларига кўра, АҚШда талабаларнинг 80 фоиздан ортиғи ва Буюк Британияда 95 фоизи баҳолаш ишлари учун сунъий интеллектдан фаол фойдаланади.
Мутахассислар бонг урмоқда
Бир томондан, талабалар ўзлаштиришнинг реал ўсиши ва вақтнинг тежалишини таъкидламоқда. Бошқа томондан, «сохта маҳорат» ҳақидаги хавотирлар тобора кўпайиб бормоқда: агар восита ўчирилган бўлса (айниқса имтиҳонларда), сунъий интеллект ёрдамида олинган кўникмалар йўқолиб қолади.
«Биз шундай вазиятдамизки, талабалар аллақачон сунъий интеллект дунёсида яшамоқда, таълим муассасалари эса ҳали ҳам 2023 йил давом этаётгандек кўринишга ҳаракат қилмоқда», деб таъкидлайди тадқиқот муаллифлари.
Мутахассислар университетларни тотал тақиқлардан ўқув жараёнига сунъий интеллектни малакали интеграциялашга ўтишга чақирмоқда: талабаларга воситалар билан этика доирасида ишлашни ўргатиш, натижани улар ёрдамида текшириш ва танқидий фикрлашни ривожлантириш.
Мавзуга оид
18:41 / 23.06.2026
Ғарб разведкаси СИ киберҳужумларининг янги таҳдиди ҳақида огоҳлантирди
14:38 / 23.06.2026
Наманганда сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар тақдим этилди
17:04 / 22.06.2026
Сунъий интеллект ва билим иллюзияси: Нега ёш мутахассислар ўсишдан тўхтаб қолмоқда?
21:55 / 15.06.2026