Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ҳарорат кўтарилиши кутилмоқда
Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво кундуз кунлари +28…+35 даражагача исийди. Айрим жойларда ёмғир ёғиб ўтиши ҳам мумкин.
Фото: Kun.uz
Дам олиш кунлари республика ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.
Жума кундузи Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +24…+27 даража атрофида, республика жанубида ва чўл ҳудудларида +29…+32 даражагача бўлади.
Шанба куни Қорақалпоғистон Республикаси шимолида ва Фарғона водийсида баъзи жойларда, шунингдек, якшанба куни Тошкент вилоятида айрим жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шанба куни кундузи ҳаво +28…+31 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +32…+35 даражагача исийди. Якшанба куни аксарият вилоятлар бўйича ҳаво ҳарорати шу даражалар атрофида бўлади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кундузги ҳарорат +20…+23 даражагача, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса +25…+28 даражагача пасаяди.
24–25 апрел кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 26 апрелда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида жума кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +25…+27 даража бўлади. Шанба куни ёғингарчилик кутилмайди.
Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 10–12 метр/сониягача кучаяди. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +27…+30 даража атрофида бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +14…+17 даража бўлади.