Ўзбекистон | 10:58
1280
2 дақиқада ўқилади

Наманган бир ой давомида энг кўп гул экиш бўйича рекорд ўрнатмоқчи

Наманганда Халқаро гуллар фестивали доирасида бир ой давомида жамоа бўлиб энг кўп гул экиш орқали Гиннес рекордини ўрнатиш жараёнига старт берилди.

Фото: Dunyo

Наманган вилоятида анъанавий Халқаро гуллар фестивали доирасида улкан ташаббус бошланди. Вилоят марказида ўтказилган тантанали маросимда бир ой давомида жамоа бўлиб энг кўп гул экиш бўйича Guinness World Records рекордини ўрнатиш жараёни расман бошланди.

Тадбирда вилоят раҳбарияти, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, ташаббус ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш, шаҳар қиёфасини обод қилиш ва Наманганнинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Жараёнларнинг шаффоф ва халқаро талабларга мувофиқ ўтишини таъминлаш мақсадида Guinness World Recordsʼнинг Дубайдаги ваколатхонаси вакили Канзи Дефрави онлайн тарзда иштирок этди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Наманганда гулчилик маданияти жадал ривожланмоқда. 2018 йилда 4,5 миллион туп гул экилган бўлса, бугунги кунда 120 турдаги 150 миллиондан ортиқ гул кўчатларини экиш режалаштирилган.

Жорий йилда 65-халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар ўтказилиши белгиланган. Фестиваль давомида 150 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар, халқаро форумлар, кўргазмалар ва концерт дастурлари ташкил этилади.

Ташаббус Наманганнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли ўртасида бунёдкорлик руҳини кучайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Муаллиф Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид