Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нефть 100 доллардан ошди: дунё бозорида хавотир кучаймоқда
Сўнгги 24 соат ичида жаҳон нефть бозорида кескин ўзгариш кузатилиб, Brent маркали нефть нархи 107 доллар атрофигача кўтарилди. Мутахассислар буни Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ва таъминотдаги узилишлар билан изоҳламоқда.
Фото: Getty Images
Жаҳон энергетика бозоридаги вазият янада таранглашмоқда. Халқаро савдода эталон ҳисобланган Brent нефти нархи сўнгги ҳафталардаги энг юқори даражага чиқиб, бир баррель учун 107 доллар атрофида шаклланди.
Нархларнинг бундай тез ўсишига асосий омил сифатида Яқин Шарқ минтақасидаги можаролар кўрсатилмоқда. Хусусан, Ҳўрмуз бўғози орқали нефть ташишдаги узилишлар ва Форс кўрфази давлатларида ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши глобал таъминотга жиддий таъсир ўтказган.
Таҳлилчиларга кўра, бу ҳолат жаҳон бозорига чиқадиган нефть ҳажмини сезиларли даражада камайтирган. Натижада талаб юқори бўлиб қолаётган бир пайтда таклиф қисқариб, нархлар кескин ошган.
Айни пайтда нефть нархининг ўсиши дунё иқтисодиётига ҳам босим ўтказмоқда. Ёқилғи қимматлашиши инфляция даражасини ошириши, ишлаб чиқариш харажатларини кўпайтириши ва глобал молия бозорларида ноаниқликни кучайтириши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, агар геосиёсий вазият барқарорлашмаса, нефть нархи янада ошиб, яқин вақт ичида бир баррел учун 110–120 доллар диапазонига чиқиши эҳтимоли мавжуд.