Жаҳон | 23:51 / 10.09.2024
5339
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон бозорида нефт нархи 2021 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушиб кетди

Бир кун ичида нефт фючерслари қарийб 4 фоизга арзонлашди, икки ҳафта ичида эса қиймати 15 фоизга тушиб кетди. Натижада нефт бозори Украинадаги урушдан олдинги даражага қайтди.

Фото: Getty Images

Украинадаги урушдан кейин нархлар охирги 14 йилда максимумга чиқиб кетган жаҳон нефт бозори қулашни бошлади. 10 сентябр кунги савдоларда Brent маркали нефтнинг баррели учун 70 доллардан камроқ таклиф этилди, ҳатто унинг нархи 68,68 долларгача тушди — бу 2021 йил 1 декабрдан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Бир кун ичида нефт фючерслари қарийб 4 фоизга арзонлашди, икки ҳафта ичида эса қиймати 15 фоизга тушиб кетди. Натижада нефт бозори урушдан олдинги даражага қайтди: 2021 йилда Brent маркали нефтнинг баррели 60-70 доллар оралиғида эди.

Украинага уюштирилган ҳужумнинг дастлабки ҳафтасида нефт нархи максимумга чиққанди: 2022 йил 7 март куни Brent котировкалари баррели учун 139 долларгача кўтарилган бўлиб, шундан буён унинг қиймати икки баробардан ортиққа тушиб кетди. Россиянинг Urals маркали нефти нархи эса 60 долларни ташкил этган, июл ойида у 75 доллардан сотилаётган эди.

Нефт бозори асосий импортчи — Хитой иқтисодиёти секинлашгани туфайли қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Иккинчи чоракда Хитой ЯИМ 4,7 фоизни ташкил этган, бу январ-мартдаги кўрсаткичдан паст (5,3 фоиз эди) — компартия эса йилига 5 фоизли ўсишни талаб қилади.

Хитой томонидан нефт импорти биринчи ярим йилликда 11 фоизга тушиб кетган, июл ойида эса охирги икки йилдаги энг паст кўрсаткични қайд этган — кунига 10 миллион баррел.

Мавзуга оид