Жаҳон | 22:54 / 27.04.2026
1652
2 дақиқада ўқилади

Ароқчи Путинга АҚШ билан музокараларга нима тўсқинлик қилаётганини айтди

Эрон ташқи ишлар вазири 27 апрель куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Фото: Эрон ташқи ишлар вазирлиги

Эрон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик жараённи бир неча омиллар секинлаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди. Унинг сўзларини Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати келтирди.

«АҚШнинг давом этаётган бузғунчи одатлари, айниқса, асоссиз талаблардаги қатъият, позицияларнинг тез-тез ўзгариши, таҳдидли риторика ва мажбуриятларнинг доимий бузилиши дипломатиянинг ривожланишини секинлаштирмоқда», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Теҳрон «Американинг санкциялар ва иқтисодий босимга мойиллиги, шунингдек, Эрон савдо кемаларига қарши денгиз қароқчилигининг давом этаётганини» ҳисобга олган ҳолда АҚШ билан музокараларни давом эттириш-этмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.

Эрон ташқи ишлар вазири «баъзи мамлакатларнинг АҚШ қонунбузарлиги ва тажовузига йўл қўйиши ва иккитомонлама стандартларининг оқибатлари бутун халқаро ҳамжамиятга таъсир қилишини» таъкидлади.

8 апрелдан бери АҚШ ва Эрон ўртасида сулҳ ўрнатилган. АҚШ президенти Доналд Трамп уни Теҳрон тинчлик таклифини тақдим этмагунча ва музокаралар «қандай бўлмасин» якунланмагунча узайтирди. Бироқ, Қўшма Штатлар 11 апрель куни Америка-Эрон музокараларининг муваффақиятсиз биринчи раундидан кейин эълон қилинган Ҳўрмуз бўғозидаги денгиз блокадасини сақлаб қолди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди 22 апрель куни Исломободда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ Теҳрон учрашув истиқболсизлигини баҳона қилиб, делегацияни юбормади. Трамп, шунингдек, махсус вакил Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнернинг Исломободга сафарини бекор қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид