Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пермга қаторасига иккинчи кун дронлар ҳужум қилди
Ёнғин оқибатида шаҳар узра қора тутун кўтарилган. Расмийлар сукут сақламоқда.
Planet Labs PBC / Reuters / Scanpix / LETA
30 апрел куни Украина Пермга дронларнинг ёпирилма ҳужумини амалга оширди – бу ҳолат қаторасига иккинчи кун кузатилмоқда. Перм – Россиянинг аҳоли сони миллиондан ошиқ бўлган шаҳарлари орасида ўн бешинчи ўринда бўлиб, Россия ва Украинанинг расмий чегарасидан қарийб 1400 километр масофада жойлашган.
Тонгда Перм ўлкасида дронлар ҳужуми хавфи эълон қилиниб, маҳаллий аэропорт бир неча соатга ёпиб қўйилди. Ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар ишга тушди, телевидение орқали ҳам хавф ҳақида огоҳлантиришлар берилди.
Бир неча олий таълим муассасалари, хусусан, Перм давлат университети ҳамда Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг (РЭУ) маҳаллий филиалида дарслар онлайн форматга ўтказилди. Шу билан бирга, мактаблар ва болалар боғчаларининг катта қисми ишлашда давом этган: дронлар ҳужуми хавфи режими вақтида болалар йўлакларда ва спорт залларида яширинишган. Бундан ташқари, шаҳарда жамоат транспорти фаолиятига ўзгартиришлар киритилган ҳамда 1 майга режалаштирилган салют бекор қилинган.
OSINT-пабликлар маълумотига кўра, дронлар нишони Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлмиш «Лукойл-Пермнефтеоргсинтез» (ПНОС) бўлган; кейинроқ бу маълумотни Украина хавфсизлик хизмати ҳам расман тасдиқлади. Ушбу завод Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми бўйича саккизинчи ўринда туради.
Astra нашри аниқлик киритишича, дронлар резервуар паркига келиб урилган. Корхонада кучли ёнғин бошланган, у ерда кўтарилган тутун устуни шаҳарнинг барча нуқталаридан кўриниб турибди. Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, тутун 120 километр масофага чўзилган.
Расмийлар эса шаҳарда рўй бераётган воқеалар ҳақида деярли маълумот бермаяпти. Минтақадаги ҳудудий хавфсизлик вазирлиги тафсилотларни келтирмасдан, Перм «остонасида» «бир неча» дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган.
Перм ўлкаси губернатори Дмитрий Махонин бугун ўз телеграм-каналида «саноат майдончаларидан бирига» қилинган ҳужум ҳақида биргина хабар қолдирган, шу билан бирга, регионда дронлар ҳужуми оқибатлари акс этган фото ва видеоларни эълон қилиш тақиқланганини алоҳида қайд этган. Перм шаҳри мэри Эдуард Соснин эса ҳужум юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирмаган. РФ президенти матбуот котиби РФ Дмитрий Песков ҳам ҳар кунги брифингида Пермдаги вазиятга тўхталмади.

Роспотребнадзорнинг ҳудудий бошқармаси Пермдаги аҳоли яшаш кварталларида ҳаво сифати кетма-кет иккинчи кун мониторинг қилинаётгани ва «вазият назорат остида» эканини маълум қилган. Шу билан бирга, аҳолига куйинди ҳиди пайдо бўлганида ёки саломатлиги ёмонлашган ҳолатларда кўчага чиқмаслик тавсия этилган.
«Пермь 36,6» телеграм-канали ёзишича, шаҳардаги давлат хизматчилари «портлашлар ҳақидаги хабарларга эътибор бермаслик ва „шунчаки ишлашда давом этиш“га ундалмоқда».
29 апрел куни Украина дронлари «Транснефт» компаниясининг Перм шаҳридан бир неча километр масофада жойлашган ишлаб чиқариш-диспетчерлик станциясига зарба берганди. У ерда кучли ёнғин бошланган, шаҳарда эса «нефт ёмғири» ёғганди. Расмийлар бу ҳолат ҳақида ҳам сукут сақлашган, мактаблар ва болалар боғчалари одатий режимда ишлашда давом этганди.