Спорт | 20:26 / 07.05.2026
3869
2 дақиқада ўқилади

Синдоров рапид шахматда Гукешга ютқазди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Польша пойтахти Варшавада ўтаётган турнирда рапид шахматда ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга ютқазди.

Фото: Instagram / grandchesstourofficial / Lennart Ootes

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Польша пойтахти Варшавада ўтаётган Grand Chess Tour: Super Rapid & Blitz турнирида рапид шахматда ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга ютқазди.

Шахматнинг рапид турида ҳар бир иштирокчига 25 дақиқа вақт ва ҳар бир юришдан сўнг 10 сония қўшиб берилади. Бундай вақт чеклови жиддий ўйлаш учун кам вақт қолдиради ва аксарият қарорлар рефлекслар асосида қабул қилинади, вариантларни ҳисоблаш тезлиги ва сезги биринчи ўринга чиқади.

Синдоров ва Гукеш баҳси шахмат ишқибозларининг эътибори марказида бўлди. Чунки 20 ёшли гроссмейстерлар шу йил охирида классик шахматда жаҳон тожи учун кураш олиб боради. Бу ўзбекистонлик шахматчининг Номзодлар турниридаги ғалабасидан кейин Гукеш билан илк юзма-юз ўйини эди. Уларнинг шахмат тожи учун ўтказадиган матчига тахминан ярим йил вақт қолгани сабабли бу партия руҳий устунлик учун эрта бошланган кураш сифатида ҳам кўрилди.

Жавоҳир мусобақани яхши бошлаб, пешқадамлар сафидан жой олганидан сўнг, 6 май куни ўтказилган партияларнинг барчасини ютқазди — Уэсли Со (АҚШ), жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш (Ҳиндистон) ва Максим Вашье-Лагравга (Франция).

Айни пайтда у 4 очко жамғариб, Алиризо Фирузжа билан 8-ўринни бўлишиб турибди. Турнирда 9 очкодан жамғарган америкаликлар – Ҳанс Ниманн ва Уэсли Со пешқадамлик қилмоқда.

Super Rapid & Blitz Poland 2026 мусобақаси 5−10 май кунлари бўлиб ўтади ва Grand Chess Tour янги мавсумини очиб берди. Варшавадан кейин мусобақа Бухарестдаги (Руминия) классик турнир, Загребдаги (Хорватия) тезкор шахмат босқичи, Сент-Луисдаги иккита турнир ва АҚШда ўтадиган финал билан давом этади.

Турнирнинг мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил этади. Ғолиб 50 минг доллар олади, иккинчи ва учинчи ўринлар учун эса мос равишда 40 ва 30 минг доллар мукофот белгиланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид