Иқтисодиёт | 11:20
7428
16 дақиқада ўқилади

Нега ҳамма давлатнинг қарзи бор? Ўзбекистоннинг қарзи кўпми-камми?

Tабиий бойликлари ёки сиёсий тузумидан қатъи назар, деярли ҳамма давлатларнинг қарзи бор. Масалан, АҚШнинг давлат қарзи – 39 триллион доллар. Хитой энг катта қарз берувчилардан бири бўлса ҳам, ўзининг 19 трлн доллар қарзи бор. Япониянинг қарзлари мамлакат иқтисодиётидан 2,3 карра кўп... Хуллас, Швейцария ҳам, БАА ҳам, Танзания ҳам – ҳамма-ҳаммаси кимдандир қарздор. 

Хўш, нега мамлакатлар бунчалик қарзга ботиб қолди? Бу қанчалик хавфли? Нима учун АҚШ бировдан пул олмай, шунчаки кўпроқ доллар босиб чиқариш орқали муаммони ҳал қилиб қўя қолмайди? Ўзбекистоннинг қарзи қанча – 46 млрд долларми ёки 82 млрд доллар? Балки ялпи қарзимиз 89 млрд долларга яқинлашиб қолгандир? Бирор мамлакат ҳеч кимдан қарз олмай яшаши мумкинми?

Kun.uz “Содда иқтисодиёт” рукнида шу саволларга оддий тилда жавоб беради.

Нега давлатлар қарз олади?

Одамлар пул керак бўлганда бирор танишидан ёки банкдан қарз олиб тургани каби, давлатлар ҳам бошқа давлатлардан ёки хусусий қўллардан қарз олади. Маблағ етишмовчилигига дуч келган ҳукумат танлов олдида қолади: харажатларни қисқартириб, солиқларни ошириш ёки молия бозоридан қарз кўтариш.

Tарихий ва иқтисодий тажриба шуни кўрсатадики, солиқларни ошириш – ўта номақбул ва кўпинча сиёсий жиҳатдан хавфли чора бўлиб, бу аҳоли даромадларини камайтиради ва иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин. Харажатларни қисқартириш ҳам муаммоли масала, чунки бу – соғлиқни сақлаш, таълим ёки инфратузилма лойиҳаларини кесишни англатади. Шу сабабли, қарз олиш – кўпинча бюджет сиёсатининг энг самарали воситаси сифатида кўрилади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўрта асрларда қиролларга янги қалъалар керак эди, империяларга эса – ҳарбий флот ва замонавий қуроллар. Аммо катта харажатларни битта-иккита қарз берувчи орқали молиялаштириб бўлмасди. 17-аср охирида Англия молиявий инқироз ёқасига келиб қолади: қирол Уилям III Франция билан уруш олиб борар, хазина эса бўшаб қолганди. Эски усул, яъни одатдагидек бир нечта бой кредиторларга таяниш етарли бўлмай қолади. Шунда тарихий бурилиш юз берди: давлат қарзи кичик улушларга бўлиниб, кенг оммага таклиф қилинди.

Бунда одамлар ҳукуматга пул беради, ҳукумат эса бу пулни фоиз билан қайтариш мажбуриятини олади. Шу тариқа, замонавий давлат облигациялари бозори шакллана бошлайди. Давлатлар солиқларни оширмасдан туриб ҳам катта маблағ тўплай бошлайди.

20-асрда юз берган иккита жаҳон уруши – облигациялар бозорини глобал миқёсида кенгайтириб юборди. Ҳарбий харажатлар ошиб кетгач, давлатлар мисли кўрилмаган миқдорда қарз олишга ўтди. Уруш тугагач ҳам бу жараён тўхтамади, чунки энди вайрон бўлган мамлакатларни қайта қуриш ва тиклаш учун пул керак эди.

Энг янги тарихга қарасак, 2008 йилдаги молиявий инқироз ва 2020 йилги пандемия – давлатлар бўйнидаги қарз мажбуриятлари кескин ошишига олиб келди ва бу тенденция айни пайтда ҳам давом этяпти. Масалан, охирги бир йил ичида АҚШнинг умумий ялпи қарзи 2,77 триллион долларга кўпайди. Бу ошиш – кунига 7,6 миллиард доллар, соатига 315 миллион доллар, дақиқасига 5,2 миллион доллар, сониясига эса 87 минг долларга тенг.

Пул босиб чиқариш

Шу ерда савол пайдо бўлади: давлатлар шунчаки кўпроқ пул чоп этишлари мумкин бўлганда, нима учун қарз олишлари керак?

Агар ҳукумат ўз харажатларини молиялаштириш ёки қарзларини тўлаш учун пул босиб чиқаришни бошласа, бу ҳеч қандай янги товар ёки хизматларни яратмасдан туриб, иқтисодиётдаги пул массасини оширади. Пулнинг миқдорий назариясига кўра, агар ишлаб чиқариш ҳажми ўзгаришсиз қолса ва пул миқдори икки баробар ошса, товарлар нархи ҳам икки баробар қимматлашади, бу эса 100 фоизлик инфляция демакдир. Тўсатдан ҳеч нарса билан таъминланмаган жуда катта миқдордаги пулнинг пайдо бўлиши – валютанинг харид қобилияти тезда пасайишига олиб келади. Агар инфляция назоратдан чиқиб кетса, у молиявий тизимни вайрон қиладиган гиперинфляцияга айланади.

Зимбабве – бунга энг ёрқин мисол. 2008 йилда мамлакат ҳукумати ўз харажатларини пул босиб чиқарадиган ускунанинг тинимсиз ишлаши ҳисобига молиялаштиришга қарор қилди. Натижада бир йил ичида нархлар ақл бовар қилмайдиган даражада – 231 миллион фоизга ўсади. Натижада банкноталар чоп этиладиган қоғоз – пулнинг ўзидан қимматроқ бўлиб қолади ва одамлар оддий озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун ҳам нақд пулини сумкалар ва аравачаларда ташишга мажбур бўлишади. Охир-оқибат, миллий валютага ишонч емирилди ва одамлар маҳсулот харидида бартер қилиш ёки АҚШ долларидан фойдаланишга ўтди.

Шунга ўхшаш сценарий 2016 йилдан кейин Венесуэлада ҳам юз берди. Бу ерда ҳукумат озиқ-овқат ва дори-дармон нархларини қонуний равишда музлатиш орқали аҳолини гиперинфляциядан ҳимоя қилишга уринди, бироқ бу фақат оммавий тақчиллик ва дўконлардаги расталарнинг бўшаб қолишига олиб келди.

Давлатлар кимдан қарз олади?

Қизиқ, бой давлатларнинг ўзи триллионлаб доллар қарзга ботиб ётган бўлса, молия бозорида кимдан қарз олиш мумкин ўзи?

Давлат қарзи иккита асосий тоифага бўлинади: ички ва ташқи. Ички қарз – бу ҳукуматнинг ўз фуқароларидан ёки ички манбалардан оладиган пуллари. Масалан, фойда олиш мақсадида оддий америкаликлар, хусусий банклар, суғурта компаниялари ва инвестиция фондлари АҚШ ҳукуматининг ғазначилик облигацияларини сотиб олади ва ҳукуматга пул беради. Худди шундай, Ўзбекистон ҳукумати ҳам ички бозорда доимий равишда облигациялар чиқариб, маҳаллий молия бозоридан қарз олиб келади. 2026 йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг ана шундай ички қарзи – 7 млрд доллар эквивалентига тенг.

Бундан ташқари, давлатлар хорижий инвесторлар, банклар ва молия ташкилотларидан ҳам пул олади. Масалан, Япония ва Хитой – АҚШ облигацияларининг энг йирик эгалари ҳисобланади. Мақсад – ортиқча пулларни хавфсиз сақлаш. Яъни АҚШга ўхшаган юқори даромадга эга ривожланган давлатлар облигация чиқариш орқали бутун дунёдан осонгина қарз олиши мумкин. Бу қимматли қоғозлар муддати тугагунга қадар иккиламчи молия бозорларида фаол муомалада бўлади.

Агар мамлакат иқтисодиёти етарли даражада барқарор бўлмаса, аксарият хорижий ҳукуматлар унинг облигацияларини сотиб олмайди, чунки заифроқ иқтисодиётлар қарзни тўлай олишига кафолат йўқ. Бундай шароитда камбағалроқ давлатлар йўллар, мактаблар, энергия лойиҳалари ва бошқа инфратузилма ишлари учун Жаҳон банки ёки Осиё тараққиёт банки каби ташкилотлардан маблағ олиб туради. Улар паст фоизли кредит беради, лекин анча қатъий шартлар ҳам юклашади. Агар бирор мамлакат иқтисодий таназзул ёқасига келиб қолса ва ҳеч ким қарз бермай қўйса, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)дан маблағ олишга мажбур бўлади. ХВЖ лойиҳаларни молиялаштирмайди, балки молиявий қулашнинг олдини олиш учун фавқулодда кредитлар беради. ХВЖ кредитлари пастроқ фоиз билан берилади, лекин бунинг шарти бор: ҳукумат туб ислоҳотлар ўтказиши керак.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, давлатимиз зиммасидаги ташқи қарз 39,8 млрд долларни ташкил этяпти. Шундан 8,9 млрд доллар ёки умумий қарзнинг 22 фоизи – Жаҳон банкидан, 8,3 млрд доллари эса (умумий қарзнинг 21 фоизи) Осиё тараққиёт банкидан олинган.

Давлатлар кесимида оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг энг катта кредиторлари – Хитой ва Япония. Бу икки мамлакат молия ташкилотларининг Ўзбекистон давлат ташқи қарзидаги улуши мос равишда 10 ва 8 фоизни ташкил этади.

Қарз олиш ёмонми?

Одатда қарздорлик сўзи жамиятда қўрқув уйғотади. Аммо давлатлар ҳақида гап кетганда, қарз олиш ҳар доим ҳам ёмон бўлмаслиги мумкин. Шу жиҳатдан уни шартли равишда иккига ажратиш мумкин: яхши ва ёмон қарз.

Тасаввур қилинг, сиз қарзга пул олиб, янги касб ўргандингиз ёки бизнес бошладингиз. Топаётган даромадингиз ҳар ой қарзингизнинг бир қисмини тўлашга ҳам, ўзингиз учун жамғариб боришга ҳам етяпти. Бу – яхши қарз. Давлатлар ҳам шундай қилади: қарз олиб янги йўллар, кўприклар, электр иншоотлари, мактаблар, касалхоналар ва умуман, инфратузилма қуради. Бу сармоялар келажакда иқтисодиётни кучайтиради ва мамлакатнинг умумий даромадлари ошишига таъсир қила бошлайди. Яъни яхши қарз – инфратузилма ва инсон капиталига киритилган маблағлардир.

Агар давлат қарзни фақат жорий харажатлар учун ёки истиқболсиз ва пухта ўйланмаган, нархи сунъий қимматлаштирилган лойиҳалар учун олаверса, вақт ўтиб муаммолар юзага кела бошлайди. Энди эскисини қайтариш учунгина кредит олина бошлайди ва бора-бора давлат қарз тузоғига тушиб қолади. Кейин бирламчи харажатлар: ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълимдан пулни тежаб, кредитларни ёпишга йўналтириш бошланади. Инвесторлар ишончи йўқолади, улар мамлакат ўз қарзини қайтара олишига шубҳаланади ва бу давлатнинг кредит рейтинги пасайиб кетади. Ҳа, худди одамларнинг банкдаги кредит балли каби, мамлакатлар ҳам кредит рейтингларига эга. Ёмон рейтинг қарз олишни қийинлаштиради, натижада инвесторлар қарз беришни тўхтатади ёки риск баландлиги сабаб, юқори фоиз ставкаларини талаб қила бошлайди.

Шу тариқа, олинган қарз ўзини оқлаши учун иқтисодиёт юзага келган мажбуриятлардан каттароқ ҳажмда ўсиши шарт.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, давлат ташқи қарзининг тенг ярми, яъни 50 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Қолган қисми ёқилғи-энергетика соҳаси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларга сарфланган.

Макроиқтисодий назария ва Халқаро валюта жамғармаси амалиётида ташқи қарзнинг умумий ҳажмидан кўра, унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши муҳим ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич давлатнинг қарзни узиш учун етарли иқтисодий ҳажмни яратиш қобилиятини акс эттиради. Кўпгина мамлакатлар қарз олиш бўйича максимал чегара қўйган. Хусусан, Ўзбекистон қонунчилигида давлат қарзининг ЯИМга нисбати 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.  

Ўзбекистоннинг қарзи қанча?

Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат ташқи қарзи ва корпоратив ташқи қарз. 2026 йил 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 39,8 млрд доллар. Лекин турли компаниялар томонидан давлат кафолатисиз олинган ташқи қарзлар расман бу ҳисобга кирмайди.

Ўзбекистон контекстида муҳим жиҳат шундаки, бундай “хусусий” қарзларнинг катта қисми – давлатга тегишли ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Шартли равишда оладиган бўлсак, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темирйўллари” ёки “Ўзбекнефтгаз” каби йирик давлат компаниялари давлат кафолатисиз, ўз номидан ташқи қарз олса, бу хусусий қарз ҳисобланади. Лекин бу қарз давлат компанияси томонидан олинаётгани сабабли уни “ярим давлат” ёки “квази-давлат” қарзи сифатида ҳам таснифлаш мумкин, чунки қарз олувчи – давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган ташкилот. Бу қарз ҳисоботларда давлат қарзига кирмайди, лекин мамлакатнинг молиявий барқарорлигига таъсир қилиши мумкин, айниқса, давлат корхонаси олган қарзини қоплашда қийинчиликка дуч келган пайтда қарз юки барибир давлат бюджетига тушиши мумкин.

Халқаро экспертлар ҳам кафолатланмаган корпоратив қарзларни қайтариш Ўзбекистон ҳукуматининг зиммасига тушиб қолиши хавфини қайд этиб келади. Қисқа қилиб айтганда, корпоратив қарз таркибида ниқобланган давлат қарзининг улуши жуда ҳам юқори.

Охирги очиқланган маълумотларга кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 18 млрд долларга ошиб, йил якунида 82 млрд долларга етган. Умуман олганда, ялпи ташқи қарз шиддатли равишда ошиб боряпти ва охирги 5 йилда 2 баробардан кўпроққа кўпайди.

2026 йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзлари жон бошига ҳисоблаганда ҳар бир ўзбекистонликка 1225 доллардан, умумий ташқи қарз эса 2149 доллардан тўғри келади.

Ташқи қарз хавотирли даражадами?

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг давлат қарзи билан боғлиқ муаммоларга учраш хавфи пастлигини қайд этиб келади. Ҳукумат вакиллари ҳам ташқи қарз ҳажми мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли сонига нисбатан катта эмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Айримлар Япония, Хитой, Америка каби мамлакатларга қаранглар, шунча катта қарз билан ҳам бемалол яшаб юрибди-ку, деган иддаоларни келтиришади. Аммо бу ерда ушбу мамлакатлар билан жиддий фарқлар бор. Қарз миқдорининг ошиб бораётгани қуйидаги омиллар сабаб эҳтимолий хатарларни юзага келтириши мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти етарли даражада диверсификацияланмаган. Мамлакат экспорти кўпроқ табиий ресурслар (олтин, уран, мис) ва маълум бир соҳаларга боғлиқ. Пул ўтказмаларининг ЯИМ ўсишидаги улуши катта. Бу турдаги иқтисодиёт ташқи бозор шокларига анчайин сезгир бўлади.

Ҳа, АҚШ ёки Япония каби ривожланган давлатларнинг ҳам катта миқдорда ташқи қарзи бор. Аммо юқоридаги мамлакатлар жуда катта ишлаб чиқариш ва экспорт потенциалига эга. Яъни уларнинг иқтисодиёти тўлиқ диверсификацияланган. Улардан фарқли ўлароқ, олтин ёки мис нархининг тушиб кетиши, рубл курсининг тебраниши натижасида пул ўтказмаларининг қисқариб кетиши Ўзбекистон учун жиддий рискларни яратади.

Иккинчидан, миллий валютанинг қадрсизланиши билан боғлиқ хавфлар мавжуд. 2026 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, давлат ташқи қарз портфели валюта таркибининг 64 фоизи АҚШ доллари, 12 фоизи ўзбек сўми, 9 фоизи евро, 6 фоизи япон иенаси, 4 фоизи SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 3 фоизи юан, қолган қисми бошқа валюталардаги ташқи қарзлар ҳиссасига тўғри келади. Шу жиҳатдан валюта курсининг кескин ўзгариши ва ўзбек сўмининг эҳтимолий қадрсизланиши хизмат кўрсатиш харажатлари ва миқдорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Яъни қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари учун маблағ миллий валютада шаклланишини инобатга олиш лозим.

Учинчидан, қарз учун хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб боряпти. Масалан, 2025 йилда давлат қарзи бўйича фоиз харажатлари 18,1 трлн сўмга етган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2024 йилда 14,5 трлн сўм, 2023 йилда эса 8,2 трлн сўм бўлган. Яъни 2 йилда 2,2 баробарлик ўсиш кузатилган. Бунда 18,1 трлн сўм фақат фоиз тўловлари бўлиб, асосий қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини ўз ичига олмайди. Тўловларнинг ошиб бориши янги қарз олиш ва олдин олинган қарзни қайтариш миқдорларининг тенглашиб қолишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда эски қарз янги қарз билан ёпила бошлайди.

Қарзсиз яшаш мумкинми?

Назарий жиҳатдан ҳеч кимдан қарз олмай ҳам яшаш мумкин. Масалан, Макао, Лихтенштейн, Бруней ва айрим араб давлатларининг қарзи деярли нолга тенг. Бу мамлакатларнинг аксариятига хос хусусият – улар ҳажман кичик, аҳолиси ҳам анчагина кам. Бу давлатларда харажатига нисбатан номувофиқ тарзда кўп даромад манбайи ҳам бор.

Масалан, Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари ва Бруней – нефт ва газнинг улкан захираларига эга бўлиб, нисбатан кичик аҳоли билан жуда катта миқдорда ортиқча даромад кўради.

Макао эса улкан казинолар индустриясини солиққа тортишдан ўнлаб миллиард доллар пул топади. Лихтенштейнга келсак, бу митти давлат жаҳоннинг муҳим молия марказларидан бири ҳисобланади, аҳолиси эса атиги бир неча юз минг киши. Табиийки, улкан инфратузилма, мудофаа ва ижтимоий харажатлар ҳам катта эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, доимий бюджет профицити – ноёб ҳодиса ва у бошқа давлатларда такрорлаб бўлмайдиган географик ёки иқтисодий шароитлар туфайлигина бўлиши мумкин.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид