Иқтисодиёт | 10:18
1642
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75 млрд доллардан ошди

2025 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 11,3 млрд долларга кўпайиб, 1 октябр ҳолатига 75,4 млрд долларни ташкил этди. Хусусий сектор ва давлат компанияларининг ташқи қарзлари (38 млрд) давлат ташқи қарзи (37,4 млрд)дан ошиб кетди.

Фото: Reuters

2025 йилнинг 3-чорагида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 3,2 млрд долларга кўпайиб, 1 октябр ҳолатига 75,4 млрд долларга етди. Бу – Марказий банк ҳисоботида келтирилган.

Умумий ташқи қарз 1 йил ичида (2024 йилнинг 1 октябри билан таққослаганда) 15,2 млрд долларга, 2025 йил 1 январга нисбатан эса 11,3 млрд долларга кўпайган.

Ташқи қарзларнинг 37,4 млрд доллари – давлат қарзи, 38,0 млрд доллари – корпоратив ташқи қарзлардир.

Қайд этиш лозим, корпоратив ташқи қарзларнинг ҳам аксарият қисми гарчи бевосита давлат кафолати остида жалб қилинмаган бўлса-да, давлатга қарашли йирик компанияларнинг халқаро облигациялари ҳиссасига тўғри келади.

Жорий операциялар ҳисоби

9 ой якуни билан жорий операциялар ҳисоби 207,3 млн доллар манфий салдо билан шаклланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич манфий 3,1 млрд доллар бўлганди.

Марказий банкнинг изоҳлашича, бу тенденция – экспортнинг импортга нисбатан юқори суръатларда ўсиши ва халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши билан боғлиқ.

Хусусан, экспорт ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 фоизга ўсиб, 26,1 млрд долларни ташкил этган. Импорт ҳажми эса 15,4 фоизга ошиб, 36,7 млрд долларга етган. Натижада 9 ойлик савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,6 фоизга камайиб, 10,6 млрд долларни ташкил этган.

Экспорт тушумларининг ўсишига жаҳон бозорларидаги нархлар ва норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кўпайиши таъсир кўрсатган. Жумладан, Жаҳон банки маълумотига кўра, 2025 йилнинг январ-сентябр ойларида олтиннинг ўртача нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга, кумуш нархи 29 фоизга, мис нархи 5 фоизга ўсган.

Молиявий ҳисоб

Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсиб, 2,9 млрд долларга тенг бўлди.

Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга ошиб, 3,8 млрд долларга тенг бўлди.

Мавзуга оид