Ўзбекистон | 18:31
889
2 дақиқада ўқилади

Давлат рамзларини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби ишлаб чиқилди

Давлат ҳокимияти органлари ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари икки ой муддатда ўз ихтиёрида бўлган Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини хатловдан ўтказади. Хатлов натижаларига кўра талабларга жавоб бермайдиган, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз холга келган давлат рамзлари алмаштирилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ҳужжат лойиҳаси билан Давлат байроғи, Давлат герби тасвири ҳамда Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкаларини тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланиши кутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, давлат ҳокимияти органлари ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари икки ой муддатда ўз ихтиёрида бўлган Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини хатловдан ўтказади.

Хатлов натижаларига кўра белгиланган талабларга жавоб бермайдиган, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз холга келган Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари алмаштирилиши ва белгиланган тартибда йўқ қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари мазкур қарорнинг талабларига қатъий риоя этган ҳолда тайёрланиши ва фойдаланилишини таъминлайди.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини йўқ қилиш:

давлат ҳокимияти органлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида сақланаётган давлат рамзлари бўйича ушбу органларнинг ўзи томонидан;

жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахсларда сақланаётган давлат рамзлари бўйича уларни исталган туман (шаҳар) ички ишлар органига топшириш орқали ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш