Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда бир қатор субсидиялар белгиланди
Ўқитувчилар сертификат олиш учун қилган харажатининг 50 фоизи (кўпи билан 8,2 млн сўм) давлат томонидан қоплаб берилади. Ногиронлиги бўлган шахслар тадбиркорлик бошламоқчи ёки фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлса, давлат уларга қарийб 40 млн сўмгача фоизсиз қарз беради. Иш берувчилар эса озодликка чиққан шахсларни ишга олса ёки меҳнат шароитларини ногиронлиги бор шахсларга мослаштирса, субсидия олади.
Фото: Shutterstock
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссудалар ажратиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари ва хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун 3 йилгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 75 бараваригача (ҳозирда 30,9 млн сўм) миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
Маълумот учун, 2025 йил 1 августдан буён базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмга тенг.
Шунингдек, жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун иш берувчиларга субсидия ажратилади:
- иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун — ҳар бир мослаштирилган иш жойига БҲМнинг 40 бараваригача;
- бандлик бўлими йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун — ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 4 баравари миқдорида;
- аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини белгиланган энг кам миқдордан ортиқ ишга қабул қилиш учун — ҳар бир ходимга 12 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 2 баравари миқдорида;
- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга, мазкур шахс 3 ойдан ортиқ меҳнат фаолиятини давом эттирганидан сўнг — бир марталик БҲМнинг 3 баравари миқдорида.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар қуйидаги субсидиялар ажратилади:
- ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро даражада тан олинган касбий таълим сертификатлари ҳамда миллий сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
- малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда.
Талабгорлар субсидия ва ссудаларни олиш учун my.gov.uz, “Ягона миллий меҳнат тизими” ҳамда “Online mahalla” электрон платформалари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
20:08 / 05.05.2026
Электромобил эгаларига эҳтимолий субсидия миқдори маълум бўлди
10:15 / 24.04.2026
Ҳиндистонда рақамли валюта орқали субсидия тарқатиш бошланди
11:51 / 21.04.2026
Намангандаги мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди
12:24 / 12.04.2026