Ўзбекистон | 07:51 / 15.05.2026
554
1 дақиқада ўқилади

Курорт ва экотуризм ҳудудларида пластик маҳсулотлар тақиқланади

Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда экологик талаблар кучайтирилмоқда. Янги қонунга кўра, айрим пластик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади.

Фото: Habar.uz

“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, экологик тоза ҳудудларда курорт ва рекреация зоналари учун қўшимча чекловлар жорий этилди.

Хусусан, экотизим барқарорлигини бузиши, табиий ландшафт кўриниши ҳамда ер ости сувларининг гидрогеологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тақиқланади.

Шунингдек, табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказувчи саноат объектларини қуриш ва улар фаолиятига ҳам йўл қўйилмайди.

Янги тартибга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим пластик маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши, етказиб берилиши ва сотилиши тақиқланади. Бунда табиий органик полимер маҳсулотлар истисно ҳисобланади.

Бундан ташқари, давлат экологик экспертизаси хулосасига кўра, муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва мажмуаларга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа фаолият турлари ҳам чекланади.

Мазкур қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кейин кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид