Ўзбекистон | 10:39 / 09.10.2025
2461
3 дақиқада ўқилади

Янгиободда уран кони рекултивацияси якунланганидан сўнг экотуризм ривожлантирилади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, Экологик реабилитация жамғармаси раҳбари Эстер Харландер Тошкент вилояти Янгиобод шаҳрига ташриф буюрди. 

Фото: Экология бошқармаси

У ўтган йиллар мобайнида ЕТТБ кўмагида амалга оширилган собиқ уран конларини рекултивация қилиш лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар билан танишди.

Янгиобод ҳудудини рекултивация қилиш ишлари 2023 йилда бошланган ва жорий йилнинг август ойида якунланган. Ишлар бошланишидан олдин маҳаллий аҳоли ва соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашувлар ўтказилган эди.

Рекултивация лойиҳасини бошқариш гуруҳи раҳбари Вадим Королёвнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида геодезик ўлчовлар ўтказилган, кириш йўллари қурилган, эски иншоотлар демонтаж қилинган, ифлосланган чиқиндиларни зарарсизлантириш учун полигон яратилган, шахта сувларини дренаж ва инфилтрация тизимлари билан таъминлаш ишлари бажарилган, соҳилбўйи чизиқлари мустаҳкамланган ва сувларни чиқариш учун қувурлар ётқизилган. 

Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси, техника ва радиация хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш ҳамда янгиободликларнинг таклифларини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов рекултивация ишлари якунлангач, ҳудудни ободонлаштириш, буталар экиш орқали кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, атрофдаги майдонларни тозалаш ва ободонлаштириш, шунингдек, экологик қоидабузарликларни аниқлаш ва жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш учун онлайн видеокамералар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. 

Ушбу чора-тадбирлар рекултивация натижаларини сақлаб қолиш билан бирга, Янгиобод ҳудудини хавфсиз, обод қилиш баробарида маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар учун жозибадор масканга айлантиришга хизмат қилади.

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шариф Ҳасанов эса ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг доимий назорати йўлга қўйилиши, радиация даражаси кам бўлган ҳудудлар табиатга қайтарилиши ҳамда ҳозирда ушбу ҳудудларда жамоатчилик ва ёшлар иштирокида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Экологик реабилитация лойиҳаси ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги 9 миллион евро миқдоридаги грант келишуви асосида амалга оширилган. Маблағлар Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркесар-2 (Наманган вилояти)даги объектларни рекултивация қилишга йўналтирилган. Аввалроқ, 2024 йил август ойида Чоркесар-2 ҳудудидаги ишлар тўлиқ якунланган бўлиб, у ерда уран рудаси қазиб олиш оқибатларини бартараф этиш бўйича тўлиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид