Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Педагоглар фарзандлари учун контрактга 30 фоизлик чегирма берилиши мумкин
Ўзбекистонда педагогларнинг давлат олийгоҳларида кундузги таълимда ўқиётган фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг 30 фоизини қоплаб бериш таклиф этилмоқда. Бу бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Фото: Kun.uz
Ҳужжат лойиҳасига кўра, имтиёз таълим ташкилотларида меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётган барча педагогларга татбиқ этилади. Бунда уларнинг иш стажи ёки малака тоифаси ҳисобга олинмайди.
Чегирма фақат давлат олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бакалавриат талабалари учун амал қилади. Хусусий ОТМ, магистратура, қўшма таълим дастурлари, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари ушбу имтиёз доирасига киритилмайди.
Шунингдек, супер-контракт асосида ўқиётган талабалар ҳам мазкур чегирмадан фойдалана олмайди.
Лойиҳага мувофиқ, чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир мартадан берилади ва талабалар ундан ҳар йили қайта фойдаланиши мумкин. Масалан, йиллик контракт суммаси 15 миллион сўм бўлса, 30 фоизлик чегирма орқали 4,5 миллион сўм камайтирилиб, тўлов 10,5 миллион сўмни ташкил этади.
Имтиёздан фойдаланиш учун ҳар йили онлайн тарзда ариза топшириш талаб этилади. Чегирма автоматик тарзда ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, агар талабанинг ота-онаси педагог мақомидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб мазкур чегирма қўлланиши тўхтатилади.
Мавзуга оид
08:51 / 07.03.2026
Айрим талаба-қизларнинг контракт пули давлат томонидан қоплаб берилади
22:24 / 01.03.2026
Ўқитувчиларнинг амалдаги сертификатлари муддати тугамагунича малака тоифаси туширилмайди – вазирлик
08:45 / 27.01.2026
1 февралдан камбағал оилалар талабаларига контракт учун давлат ёрдами берилади
19:58 / 30.12.2025