Жаҳон | 08:23
1904
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: дунёда энг катта ташқи қарзга эга давлатлар

Дунёдаги барча давлатлар ташқи қарзга эга. Инфографикада мамлакатларнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қанча қарздор экани акс эттирилган.

Фото: Blomberg

Инфографика муаллифлари маълумот манбаи сифатида Global Firepower маълумотларидан фойдаланган.

Ташқи қарз таркибига давлат ва хусусий секторнинг ташқи кредиторлар олдидаги мажбуриятлари киради. Ушбу қарзлар валюта ҳисоб-китоблари, товарлар ёки хизматлар орқали қайтарилиши керак бўлади.



Рейтингда ташқи қарзи энг кам давлат сифатида Эритрея қайд этилган. Мамлакатнинг ташқи қарзи 461 миллион долларга тенг.

Энг катта ташқи қарз эса Америка Қўшма Штатлари ҳиссасига тўғри келган — 24,54 триллион доллар. Бу кўрсаткич АҚШдан кейинги ўнта давлат ташқи қарзининг умумий ҳажмидан ҳам юқори.

АҚШ ташқи қарзи таркибига давлат идоралари ва хусусий компанияларнинг хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятлари киради. Кредиторлар орасида давлатлардан ташқари халқаро банклар, инвестиция жамғармалари ва хусусий инвесторлар ҳам бор.

Асосан АҚШ ғазначилик облигациялари кўринишида сақланадиган ушбу қарз ишончли молиявий инструмент сифатида баҳоланади. Шу сабабли хорижий ҳукуматлар ва ташкилотлар унга фаол сармоя киритади.

АҚШдан ташқари ташқи қарзи энг юқори бўлган давлатлар бешталигига Буюк Британия, Франция, Германия ва Нидерландия кирган.

Россия эса рейтингда 226,5 миллиард доллар ташқи қарз билан 34-ўринни эгаллаган. Айни пайтда Россия Марказий банки мамлакат ташқи қарзини 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра 319,8 миллиард доллар деб баҳолаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид