Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Креатив иқтисодиёт учун солиқ имтиёзлари назарда тутилган қонун маъқулланди
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида креатив иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, халқаро молия, фавқулодда вазиятлар ва бола ҳуқуқларига оид қатор қонунлар ҳамда парламент сўровлари кўриб чиқилди. Мажлис давомида айрим қонунлар маъқулланган бўлса, ҳарбий хизматга оид ҳужжат рад этилди.
Фото: Олий Мажлис Сенати
19 май куни ўтказилган мажлис аввалида креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди. Унга кўра, 2026–2030 йилларда креатив индустрия парки резидентлари ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси лойиҳаларига жалб этилган хорижий мутахассислар учун бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилади. Хусусан, улар қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади. Сенаторлар бу чоралар хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва миллий креатив маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид қонун ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мева-сабзавотчилик ва иссиқхона хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилганда давлат божидан озод этилади. Сенаторлар бу ўзгаришлар аграр соҳани қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги Битимга (Форталеза, 2014 йил 15-июл) қўшилиши ҳақида»ги қонун ҳам маъқулланди. Сенаторларга кўра, ушбу аъзолик йирик инфратузилма лойиҳалари учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ҳужжат муҳокама қилинди. Қонунда ҳарбий хизматга мажбурлар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида алмашиш ва ҳарбий рўйхат тизимини такомиллаштириш назарда тутилган эди. Бироқ сенаторлар айрим нормалар амалдаги қонунчиликка тўлиқ мос эмаслигини билдириб, қонунни рад этди.
Мажлисда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовга қурилиш соҳасидаги коррупцияга қарши кураш, давлат харидларидаги шаффофлик ва қурилиш хавфсизлиги юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Сенаторлар соҳада ички назоратни кучайтириш ва фуқаролар мурожаатларини самарали кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига табиий, техноген ва экологик фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилди. Сенат маълумотига кўра, 2025 йилда мамлакатда 82 та фавқулодда вазият содир бўлган.
Ялпи мажлисда Болалар омбудсманининг 2025 йилги ҳисоботи ҳам эшитилди. Қайд этилишича, йил давомида 1934 та мурожаат келиб тушган, улардан 509 таси ижобий ҳал этилган. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 19 та жиноят иши ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган.

Мажлис якунида Олий суд таркибига ўзгартиришлар ҳам тасдиқланди. Каҳрамон Мирсафаев ва Махфират Очилова 10 йил муддатга Ўзбекистон Олий суди судьяси этиб сайланди.
Мавзуга оид
21:53 / 18.05.2026
Сотувчи харидорнинг қонуний талабини бажармаса, электрон платформа зиммасига ҳам масъулият юкланади
22:23 / 14.05.2026
Осиё хотин-қизлар II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди
20:14 / 06.05.2026
Олий суд совет даври қатағон қурбонларидан 161 нафарини оқлади
16:21 / 10.04.2026