Фойдали | 16:46
799
6 дақиқада ўқилади

Тўлов қилишда қайси усулларни танлаймиз ва бунда ким етакчилик қилмоқда?

Апрел ойи охирида бешта тўлов компанияси биринчи чорак бўйича ҳисоботларини эълон қилди. Барча компаниялар даромадининг қарийб 90 фоизи бир хил турдаги транзакцион комиссиялардан — P2P ўтказмалари, хизматлар учун тўловлар ва сотувчилардан олинадиган эквайринг комиссияларидан келиб тушган.

Kun.uz

 

Ҳар бир компания ўз йўналишини ушбу умумий асос устига қурмоқда: обуналар, маркетплейслар, мини-иловалар, экотизимлар. Бу сервислар тўғридан-тўғри кўп даромад келтирмайди, аммо фойдаланувчини иловада ушлаб туради ва компания асосий даромад топадиган сервислардан тез-тез фойдаланишга ундайди.

Биз компаниялар фойдаланувчиларни ўз иловаларида қандай ушлаб қолаётганини кўрсатиш учун уларнинг ҳисоботлари ва маҳсулотларини ўрганиб чиқдик.  

Биринчи чоракдаги молиявий кўрсаткичлар 

* Paynet’нинг 449,5 млрд сўмлик фойдасининг 321,1 млрд сўми Humo тўлов тизими оператори сотиб олингандан кейин шўъба корхоналардан олинган бир марталик дивиденд даромади ҳиссасига тўғри келади. Бу моддани ҳисобга олмаганда, операцион фойда 128 млрд сўм атрофида бўлган. 

Тўлов сервислари нима орқали пул ишлайди?

Ҳисоботларда даромаднинг маҳсулотлар бўйича аниқ тақсимоти келтирилмаган. Аммо даромад ва харажатлар тузилмаси, шунингдек компанияларнинг оммавий материалларидан кўриниб турибдики, уларнинг барчасида асосий оқим транзакцион комиссиялардир. Улар учта қисмдан шаклланади:

 

  • P2P ўтказмалари учун комиссиялар (обунасиз карталар орасидаги ўтказма учун 1%);
  •  хизматлар учун тўлов комиссиялари (коммунал хизматлар, алоқа, солиқлар, жарималар), 
  • шунингдек эквайринг, яъни карта ёки QR орқали тўлов қабул қилгани учун сотувчилардан олинадиган комиссиялар.

 

Ушбу учала қисм ҳам аслида бир хил нарсанинг турли кўринишлари: амалга оширилган транзакциядан олинадиган фоиздир.

Унда нега обуналар, кешбэклар, мини-иловалар ва ҳамкорлик сервислари керак?

Улар алоҳида йирик пул оқими эмас, балки фойдаланувчини ушлаб қолиш воситаларидир. Компания обунанинг ўзидан тўғридан-тўғри даромад қилмайди, лекин обуначи иловадан тез-тез фойдалана бошлайди, компания эса ҳар бир транзакциядан ўз комиссиясини олади.

Шунинг учун бу компаниялар ҳисоботларини «улар фойдаланувчини қандай ушлаб қоляпти» деган ёндашув орқали билан ўқиш қизиқроқ.

Click суперапп қурмоқда. Payme эса payme plus обунасига урғу бермоқда. Paynet жисмоний тармоқ, Humo карта инфратузилмаси ва ўзини ўзи банд қилганлар учун мўлжалланган Xolis платформасига таянмоқда. Beelab эса VEON’нинг Hambi супераппи доирасида Beepul’ни молиявий қисм сифатида ривожлантирмоқда.

Click суперапп орқали ҳаётимизни қандай енгиллаштирмоқда?

2026 йил биринчи чораги ҳисоботига кўра, Click 209,4 млрд сўм соф тушум ва 78,6 млрд сўм соф фойда олди. Click суперапп моделини ривожлантирмоқда, унда кундалик ҳаётдаги аксарият сценарийлар учун ўз сервислари ва ҳамкор мини-иловалар жамланган.

Click Avto. Автомобил эълонлари агрегатори ва автомобил билан боғлиқ сервислар: ЙҲХБда рўйхатдан ўтказиш, суғурта, тонировка, йўлда ёрдам, эвакуатор, ижара, электромобилларни қувватлаш. Жойлаштирилаётган эълонлар ЖШШИР орқали текширилади.

Click Уй. Коммунал хизматлар бўйича шахсий ҳисоблар, уй харажатлари статистикаси ва маиший хизматларга буюртма бериш (электрик, сантехник, таъмирлаш).

Click Travel. Авиачипталар, турлар ва eSIM-сервислари тўплами (Globi eSim, Fly eSim, SalomSIM, Beeline eSIM).

Мини-апплар. Click ичида транспорт (MyTaxi, FacePay Метро, ioka), овқатланиш (MaxWay, Bellissimo Pizza, Safia, Rakat Osh), харидлар (Buchet, Rebus, Brandshop, Uzbek Soul, Topbox), саломатлик (Med24, Paramedics, SwissLab) ва таълим (Osnova, StudyGO, Bilimdor, Kotib Assist AI) каби тоифаларда ўнлаб ҳамкор сервислар мавжуд.

Payme обунани қандай кенгайтирмоқда?

2026 йил биринчи чораги ҳисоботига кўра, Payme 230,1 млрд сўм соф тушум ва 104,0 млрд сўм соф фойда олган. Асосий P2P ўтказмалар ва хизматлар учун тўловлардан ташқари, Payme’да тўловли обуна ва илова ичидаги алоҳида сервислар тўплами мавжуд.

Payme Plus обунаси учта тарифга бўлинади:

Мониторинг (4 990 сўм). Фақат харажатлар таҳлили, P2P ва кешбэксиз. Энг оммавий тариф, обуначиларнинг 40 фоизи ундан фойдаланади. 

Асосий. Харажатларни мониторинг қилиш, фирибгарликдан базавий ҳимоя ва ҳамкорлардан харидлар учун «Кейинроқ тўлаш» бўлиб тўлаш имкониятини ўз ичига олади.

Ҳаммаси киритилган (39 990 сум). Ойига 5 млн сўмгача комиссиясиз P2P, 90% тўловларга 1% кешбэк, йилига 5 млн сўмгача фирибгарликдан ҳимоя, Yandex Plus ва Setanta Sports’га обуналар. 10%га яқин фойдаланувчиларга эга. 

Илова ичида алоҳида сервислар мавжуд:

Payme GO ва Tez QR. Дўконлар ва кафеларда QR орқали тўлов ва 3% гача кешбэк.

Payme avia. 10% кешбэкли авиачипталар.

Visa Direct. Халқаро ўтказмалар.

Кейинроқ тўлаш ва муддатли тўлов. Тўловни кейинчалик амалга ошириш имконияти билан харид қилиш. 

Менинг уйим ва давлат хизматлари. Коммунал тўловлар ва давлат хизматлари.

Paynet қандай қилиб энг йирик ўйинчи бўлиб қолмоқда

2026 йил биринчи чораги ҳисоботига кўра, Paynet 558,5 млрд сўм соф тушум ва 449,5 млрд сўм соф фойда олди. Бу фойданинг 321,1 млрд сўми шўъба корхоналардан олинган бир марталик дивидендга тўғри келади; бу модда ҳисобга олинмаса, операцион фойда 128 млрд сўм атрофида. Жисмоний тармоқ. Мамлакат бўйлаб 24/7 ишлайдиган 37 000 дан ортиқ терминал ва 7 000 агентлик нуқталари ҳамда мобил илова.

Хизматлар учун тўлов. Коммунал тўловлар, алоқа, интернет, солиқлар ва жарималар.

Кенгайтирилган тизим. Бўлиб тўлаш, олтин хариди, инвестициялар, криптоҳамён, трансчегаравий ўтказмалар ва агентлар орқали нақд пул ечиш.

Paynet Xolis. Ўзини ўзи банд қилганлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун платформа: айланмадан 4% ўрнига 1% солиқ, QR орқали тўловларни бепул қабул қилиш ва касса аппаратисиз автоматик фискализация. 2025 йил охирига келиб 200 мингга яқин фойдаланувчи.

Humo. 2024 йил декабрда Paynet Humo миллий тўлов тизими операторини сотиб олиб, нақдсиз тўловлар карталар инфратузилмасининг бир қисми устидан назоратни қўлга киритди.

 

Мирзабек Аҳмедов
Муаллиф Мирзабек Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид