Жаҳон | 14:15
2525
4 дақиқада ўқилади

Путин ва Си Жинпинг Пекинда учрашди. Ташриф якунлари

Улар ўнлаб ҳужжатларни имзолашди, аммо асосий масалалар – «Сила Сибири – 2» газ қувури қурилиши қачон бошланиши ва Россия гази нархи қанча бўлиши бўйича келишув бўлмади.

Кристина Соловьева / РИА Новости / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA

Владимир Путин ва Си Жинпинг Пекинда музокара ўтказди. Улар 40 га яқин ҳужжатни имзолашди, жумладан, «Кўп қутбли дунё ва янги турдаги халқаро муносабатларни шакллантириш тўғрисида»ги қўшма декларация, шунингдек, «Ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қўшма баёнот қабул қилинди. Қарийб 10 минг сўздан ташкил топган мазкур баёнот ядровий хавфсизликдан тортиб Амур йўлбарсларини ҳимоя қилишгача бўлган масалаларни қамраб олади.

Путин ва Си Жинпинг асосий масала – «Сила Сибири – 2» газ қувури қурилиши бўйича келиша олмади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков лойиҳани ишга туширишнинг аниқ муддатлари йўқлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, фақат йўналиш ва асосий кўрсаткичлар бўйича умумий келишув бор, холос. Муҳим тафсилотлар ҳамон очиқ қолмоқда. Аслида эса бу қувурни қуриш ва барча масалаларни ҳал қилиш учун камида 8-10 йил вақт керак бўлади. Пекин ҳозирча янги қувур қуришдан кўра, амалдаги «Сила Сибири – 1» орқали кўпроқ газ олишни афзал кўряпти.

Янги газ қувури орқали етказиб берилиши режалаштирилган Россия гази нархи қанча бўлиши ҳам номаълум. РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия ва Хитой етказиб бериш шартномаларини расмийлаштиришни якунлаётганини маълум қилди.

Россия ва Хитой «Украина инқирозининг асосий сабабларини тўлиқ бартараф этиш» зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Шериклик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотда айтилган. Путин 2022 йилдан бери Россия Украинага қарши олиб бораётган катта уруш ҳақида гапираркан, «биринчи сабаблар» ҳақидаги худди шу иборани доимий равишда ишлатади. Баёнотда Хитойнинг Россия-Украина можароси бўйича позицияси «объектив ва холис» деб аталган.

Россия Тайваннинг «ҳар қандай шаклдаги» мустақиллигига қарши эканини тасдиқлаган. «Дунёда фақат битта Хитой бор, Тайван унинг ажралмас қисми, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати эса бутун Хитойни ифодаловчи ягона қонуний ҳукуматдир», – дейилади қўшма баёнотда. Путин Хитойнинг «ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатни бирлаштириш бўйича» ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Путин ва Си Жинпинг Американинг ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш бўйича янги лойиҳасига қарши чиқди. Гап «Олтин гумбаз» лойиҳаси ҳақида кетмоқда – бу АҚШнинг бутун ҳудудини, жумладан, Аляска ва Ҳавайи оролларини тўлиқ ҳимоя қилиши керак бўлган кўп босқичли тизимдир. Бу лойиҳани Доналд Трамп 2025 йил май ойида тақдим этган эди. Россия ва Хитой «Олтин гумбаз»ни «стратегик барқарорликка таҳдид» деб атади.

Путиннинг Пекинга ташрифи Трампнинг ташрифидан бир ҳафта ўтмай амалга оширилди. АҚШ президентининг Хитой раҳбари билан музокараларида савдо муносабатлари бўйича ютуққа эришилмаган ва у Эрон билан можарони ҳал қилишда сезиларли ёрдам ололмаганди. Путин ва Трампни деярли бир хил қабул қилишди – Си Жинпинг уларга деярли бир хил маросимлар уюштирди. Reuters агентлиги иккала ташриф ҳам Хитой ва унинг раҳбари қудрати ортиб бораётганини кўрсатгани ҳақида ёзган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид