Фойдали | 15:13
884
7 дақиқада ўқилади

Google 25 йил ичида биринчи марта қидирув тизимини ўзгартирди

Google I/O 2026 конференциясида компания сўнгги йиллардаги энг йирик AI-сервислар янгиланишини тақдим этди: янги моделлар, агент сервиси, қайта ишланган қидирув, ақлли кўзойнаклар ва онлайн-харидлар учун воситалар.Биз барча анонсларни таҳлил қилиб, аллақачон ишлаётган, кейинроқ чиқадиган ва ҳозирча фақат слайдларда мавжуд бўлган воситаларга ажратиб чиқдик.

ChatGPT Google’ни қандай ўзгартирди?

2022 йилда ChatGPT’нинг ишга туширилиши Google’нинг AI-стратегиясини тезлаштирган омиллардан бири бўлди. Илгари Google қидируви ҳаволалар ва қидирув натижаларини берувчи тизим сифатида ишлаган бўлса, чат-ботларнинг оммалашуви фойдаланувчи тайёр жавобни дарҳол оладиган форматга талаб борлигини кўрсатди.

Google Bard чат-боти билан жавоб берди ва биринчи демонинг ўзидаёқ у Жеймс Уэбб телескопи ҳақида нотўғри жавоб берди. Акциялар нархи 7–8% га пасайиб кетди, бу бир кунда бозор қийматининг 100 млрд доллардан ортиқ қисмини йўқ қилди. Кейин эса AI Overviews пиццага елим қўшишни тавсия қилди ва бу барча янгиликларда айтилди. 

Шундан сўнг Google стратегиясини Gemini ва агент AI-сервислари атрофида қайта қурди. Компания ушбу йўналиш натижасини AI янги маҳсулотлар учун марказий қисмга айланган Google I/O 2026да кўрсатди.

Google’да AI қанчалик кучайди?

Анонслардан олдин Google ўсиш бўйича бир нечта кўрсаткичларни келтирди. Компания бир ойда 3,2 квадриллион токенни қайта ишлайди — бу икки йил аввалгидан 330 баравар кўп. Gemini иловасининг аудиторияси бир йил ичида ойлик фаол фойдаланувчилар сони бўйича 400 млн дан 900 млн нафаргача ўсди, бу ChatGPT билан деярли бир хил.

1 фото

Google шунингдек, 2026 йилда инфратузилмага 180–190 млрд доллар йўналтиришни режалаштираётганини маълум қилди. Уч йил олдин бу сумма 31 млрд эди.

Google қидируви қандай ўзгаради?

Google I/O 2026’нинг асосий анонсларидан бири қидирув тизими янгиланиши бўлди.

Янги қидирув сатри

Google 25 йил ичида илк бор қидирув сатрини ўзгартирди. У 2001 йилдан бери бир хил эди: қисқа сўровлар учун узун ва ингичка йўл. Энди эса сатр ёзиш давомида кенгаяди, фото, файл ва видеоларни қабул қилади ҳамда сўров учун маъновий аниқлаштиришларни ўзи таклиф қилади.

2 фото

Илгари «борщ рецепти» деб ёзиларди. Энди эса «уйда фақат картошка, тухум ва сметана бўлса кечки овқатга нима тайёрлаш мумкин» деб ёзиш ва кенгайтирилган жавоб олиш мумкин.

AI Mode ва AI Overviews

Google AI Mode ва AI Overviews’ни ягона интерфейсга бирлаштирди.

3 фото

Илгари улар иккита алоҳида режим эди, энди эса битта саҳифа. Савол берасиз, жавоб оласиз, аниқлаштирасиз, контекст сақланади, янги сессия бошлашга ҳожат йўқ.

Компания маълумотига кўра, AI Mode’дан ойига бир миллиарддан ортиқ киши фойдаланмоқда. Янгиланишдан кейин классик қидирув натижалари ва AI-жавоблар ягона тизимга айланади.

Қидирув агентлари

Google браузер ёпилганидан кейин ҳам ишлашда давом этадиган қидирув агентларини тақдим қилди.

4 фото

Исталган мавзуда мониторингни созлаш мумкин: белгиланган параметрлар бўйича янги кўчмас мулк эълонлари, товар нархларининг ўзгариши, керакли сўров бўйича янгиликлар. Нимадир ўзгарса, агент хабарнома юборади. Бу функция ёзда чиқади.

Қидирувдаги генератив интерфейслар

Мураккаб сўровлар учун қидирув энди натижанинг ўзида интерактив визуализациялар тайёрлаши мумкин. Демода талаба қора туйнукларнинг макон-замонга таъсири ҳақида сўради ва матн ўрнига параметрларини реал вақтда ўзгартириш мумкин бўлган симулятор чиқди.

5 фото

Ишончли эшитилади, лекин аниқлик масаласи очиқлигича қолмоқда. AI Overviews илгари пиццага елим қўшишни тавсия қилган, қора туйнуклар физикаси эса ундан анча мураккаб. Функция ёзда чиқади.

Онлайн-харидларда нималар ўзгаради?

Google онлайн-шопинг учун янги AI-функцияларни кўрсатди.

Search, Gemini, YouTube ва Gmail’да ишлайдиган универсал саватча. Товар қўшилгандан кейин тизим чегирмалар, нархлар ўзгаришини кузатиши ва товарлар мос келмаслиги ҳақида огоҳлантириши мумкин бўлади.

6 фото

Google маълумотига кўра, АҚШда shopping-функциялари ёзда ишга туширилади.

Gemini иловасида нималар ўзгарди?

Google Gemini иловасини янгилади.

Gemini Spark

Оддий фойдаланувчи учун асосий анонс. Spark — сиз бошқа ишлар билан банд бўлганингизда вазифаларни бажарадиган агент. Gmail, Calendar, Docs, Drive ва Sheets билан ишлайди.

7 фото

У мустақил равишда маълумот тўплаши, ҳужжатларни янгилаши, хабарлар қораламаларини тайёрлаши ва бошқа вазифаларни бажариши мумкин. ChatGPT ва Claude шунга ўхшаш нарсани кўрсатган эди, лекин улар кундалик ҳаётда адашиб кетади ва ярим йўлда тўхтайди.

Биринчи босқичда сервис АҚШдаги Google AI Ultra обуначилари учун ишга тушади, кейинроқ фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва бошқа сервислар билан интеграция қилиш режалаштирилмоқда.

Gemini Omni

Пуллик фойдаланувчилар Gemini Omni’га матнли буйруқлар орқали расм ва видеоларни таҳрирлаш функцияларига ҳам тўғридан-тўғри илова ичида кириш имконига эга бўлди,

8 фото

Daily Brief

Gmail, Calendar ва вазифалар асосидаги шахсий тонгги дайжест. Ҳар тонг асосий маълумотларни йиғади, мавзулар бўйича тартиблайди ва кейинги қадамларни таклиф қилади. Тез кўриб чиқиш учун ишлаб чиқилган. Ҳозирда Plus, Pro ва Ultra обуначилари учун АҚШда мавжуд.

9 фото

Google’нинг янги кўзойнаклари нималарга қодир?

Google Gemini билан интеграция қилинган ақлли кўзойнакларини тақдим этди.

Қурилма AI билан овозли мулоқот, навигация, реал вақтда таржима, маълумот қидириш ва смартфонни қўлга олмасдан вазифаларни бажаришни қўллаб-қувватлайди.

10 фото

Кўзойнаклар камера, микрофон ва динамиклар билан жиҳозланган, Android ва iPhone билан ишлайди. Google қурилмани Warby Parker ва Gentle Monster брендлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқмоқда. Ҳозирча нархи айтилмади. 2026 йил кузида чиқади.

Google I/O 2026 да яна нималарни кўрсатди?

Google фойдаланувчи сервисларидан ташқари дастурчилар ва олимлар учун воситаларни ҳам тақдим қилди.

  • Antigravity 2.0 - AI-агентлар яратиш платформаси. Демода тизим 93 та параллел агент ёрдамида 12 соат ичида ва минг доллардан кам маблағга ишлайдиган операцион тизимни нолдан ёзди ва якунда унда Doom ишга туширилди.

  • Gemini for Science - олимлар учун воситалар: мақолалар таҳлили, гипотезалар генерацияси, иқлимни моделлаштириш. Алоҳида AlphaEarth Foundations — сайёранинг рақамли эгизаги ва WeatherNext. У 2025 йилда 5-тоифали довул йўналишини анъанавий тизимлардан уч кун олдин башорат қилган.

  • SynthID - AI-контентни рақамли белгилаш тизими. Уч йил ичида 100 млрд тасвир ва видео белгиланган. Стандартга OpenAI, Kakao ва Eleven Labs қўшилди. Энди қидирув ва Chrome’да ҳар қандай тасвирнинг камерада олингани ёки AI томонидан яратилганини текшириш мумкин.

  • Дастурчилар учун воситалар - янгиланган Gemini API ва Google AI Studio, Android ва web-дастурчилар учун янги воситалар.

Асал Равшанова
Тайёрлаган Асал Равшанова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид