Жаҳон | 19:55
855
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Temu’ни 200 млн евро жаримага тортди

Бунга онлайн платформадан сотиб қолинган қувватлаш қурилмаларининг аксарияти электр хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги сабаб бўлган. Шунингдек, болалар ўйинчоқларининг катта қисмида кимёвий моддалар миқдори меъёрдан юқори ҳамда уларда бўғилиш хавфини туғдирувчи майда қисмлар аниқланган.

Фото: EPA

Европа Иттифоқи Temu онлайн-маркетплейсини 200 млн евро жаримага тортди. Бунга савдо платформасида ноқонуний маҳсулотлар, жумладан, болалар учун хавфли ўйинчоқлар ва носоз қувватлаш қурилмалари сотилгани сабаб бўлди, дея ёзади BBC.

Еврокомиссиянинг қайд этишича, Хитой компанияси маҳсулотларнинг тизимли хавфлари ҳамда уларнинг “истеъмолчиларга етказиши мумкин бўлган зарарини “синчковлик билан ўрганмаган, таҳлил қилмаган ва баҳоламаган”. Ўз навбатида Temu расмийлари қарордан норози эканлиги  ва жаримани номутаносиб деб ҳисоблашини билдиришган.

Текширув мустақил синов ташкилоти томонидан ўтказилган сирли харид тамойили асосида бўлган. Аниқланишича, Temu’дан сотиб олинган қувватлаш қурилмаларининг аксарияти электр хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, болалар ўйинчоқларининг катта қисмида кимёвий моддалар миқдори меъёрдан юқори ҳамда уларда бўғилиш хавфини туғдирувчи майда қисмлар бўлган.

Temu матбуот хизматининг баёнотига кўра, компания аниқ ва изчил қоидалар мавжудлигини ҳурмат қилади. Аммо, қарор 2024 йилга тегишли бўлиб, тизимнинг ҳозирги ҳолатини акс эттирмайди.

 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид