Жаҳон | 08:49
3362
4 дақиқада ўқилади

Исроил вазирининг видеоси ЕИ ва АҚШ танқидига учради

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир томонидан эълон қилинган видео Европа Иттифоқи ва АҚШнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Видеода Ғазо секторига йўл олган “Сумуд” ҳуманитар флотилияси фаоллари қўллари боғланган ҳолда тиз чўктирилгани акс этган.

Фото: AP

20 май куни бир қатор Ғарб давлатлари ушбу ҳолат юзасидан Исроил элчиларини чақиртирди. Италия, Франция, Канада, Нидерландия, Бельгия ва Португалия Исроил элчиларини ташқи ишлар идорасига чақирган бўлса, Испания Исроилнинг Мадридда элчиси бўлмагани сабабли вақтинча ишончли вакилни чақиртирди.

Бен-Гвир X ижтимоий тармоғида жойлаган видеода Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан тўхтатилган “Сумуд” флотилияси фаоллари Ашдод портида тиз чўккан, қўллари орқага боғланган ва бошлари пастга қаратилган ҳолда тасвирланган. Вазир эса улар орасида Исроил байроғини кўтариб юриб, иврит тилида: “Исроилга хуш келибсизлар, бу ерда биз хўжайинмиз”, дея бақирган.

Пост остида Бен-Гвир ушбу шахсларни “терроризм тарафдорлари” деб атаган.

Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский фаолларга нисбатан муносабатни кескин танқид қилди. Унинг айтишича, ушланганлар орасида Польша фуқаролари ҳам бўлган бўлиши мумкин. “Жиноят содир этмаган Польша фуқароларига бундай муносабат қилиб бўлмайди. Демократик дунёда ушланганларни таҳқирлаш қабул қилинмайди”, — деб ёзди у X тармоғида.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили Ануар Эл-Ануни ушбу муносабатни “бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб атади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир ушланган шахснинг хавфсизлиги ва қадр-қиммати таъминланиши ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиниши шарт.

ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳам фаолларга муносабатни “камситувчи ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳолади. У Бен-Гвирнинг ҳаракатлари демократик давлат мансабдорига муносиб эмаслигини таъкидлади.

АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби флотилия иштирокчиларининг ҳаракатини “аҳмоқона акция” деб атаган бўлса-да, Бен-Гвир “ўз миллатининг қадр-қимматини ерга ургани”ни билдирди.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль ҳам Исроил вазирининг ҳаракатларини “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу Германия Исроил билан биргаликда ҳимоя қилишга интилаётган қадриятларга зиддир.

Исроил ичида ҳам мазкур видео танқидларга сабаб бўлди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Бен-Гвирни “давлатга зарар етказган шармандали шоу” уюштиришда айблади.

Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу эса Исроил Ғазо секторига йўналган “провокацион флотилиялар”ни тўхтатиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у Бен-Гвирнинг фаолларга муносабати “Исроил қадриятларига мос келмаслиги”ни билдирди.

“Сумуд” флотилияси 14 май куни Туркиянинг Мармарис портидан йўлга чиққан ва 18 май куни Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан Ғазодан тахминан 250 денгиз миляси узоқликдаги халқаро сувларда тўхтатилган. Ташкилотчилар маълумотига кўра, 40 дан ортиқ давлатдан келган 428 киши ушланган.

Исроил расмийлари бундай акцияларни Ғазо сектори денгиз блокадасини бузишга уриниш деб баҳолаб келади ва уларни ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлаш сифатида кўришини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид