Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Болага ҳатто ота-онанинг кучи етмаяпти” — мактаблардаги интизом ҳақида суҳбат
Ўқув йили якунида Тошкентдаги мактаблардан бирида интизомсиз ўқувчини калтаклаган ўқитувчига жиноий иш очилди, лекин якунда у айбсиз деб топилди. Тармоқларда кимдир ўқитувчини қоралади, кимдир эса ўқувчи ва унинг ота-онасини.
Kun.uz шу мактаб директори ва жамоатчилик фаоллари иштирокида бу каби ҳолатларга олиб келаётган сабабларни муҳокама қилди.
Суҳбатда Мирзо Улуғбек туманидаги 275-мактаб директори Мавлуда Насриддинова, педагоглар Шокир Турсун ва Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқшунос Абдураҳмон Ташанов иштирок этишди.
“Ўқитувчининг қўлида ричаг йўқ”
Шокир Турсун педагогик нуқтайи назардан ўқитувчининг ҳаракатини оқлаб бўлмаслигини, лекин рўй берган ҳолат тизимли муаммонинг оқибати эканини таъкидлади.
— Педагог сифатида вазиятга муносабатим – ўқитувчи хато қилди. Буни оқлаб бўлмайди. Иккинчи томон ҳам хато қилди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам жазо олиши керак эди.
Ҳозирги кунда ўқитувчини қўлида айрим “ричагча”лар бор. У нима қилиши мумкин? Ички ишлар ходимини чақириш мумкин. Ўқувчи тинимсиз равишда топшириқларни бажармаганда, ёмон баҳо қийиши мумкин. Лекин бу иккаласини қилгандаям таёқ ўзининг бошида синади. Биринчи навбатда “РайОНО” чиқади туманнинг обрўси, тармоққа чиқмаслиги учун. Ўқитувчи қайтариб олишга мажбур бўлади аризани. Агар қайтиб олмасдан принципда турадиган бўлса, унга босим бошланади. Иш бўлган жойда ҳар қанақасига камчилик топиш мумкин. 2 баҳо қўядиган бўлса: бу иккилар ҳозирги амалдаги янги баҳолаш тизими бўйича ҳеч қаёққа ўтмайди. Яъни бу ричаг ҳам қўлдан кетди ва энди таёқ қолди. Сабр косаси тўлган пайтда таёқ ишлатяпти.
Жамиятимиз шуни тушуниш керак, тизим ўқитувчини шунга олиб бориб қўйди. Тизим ўқитувчининг қўлига интизомсиз болаларга қарши ҳеч қандай ричаг бермаяпти ёки тизимнинг ўзи ричаг вазифасини ўтамаяпти. Ривожланган давлатларда тизимнинг ўз ричаги бор, ўқитувчи бунақа вазиятларда фақат боланинг интизомсизлиги ҳақида хабар беради, қолганига аралашмайди, қолганини тизим бажаради. Ота-онани чақириш, ички ишларга олиб бориш – ҳаммасини тизим бажаради.
“Болага ота-онасининг ҳам сўзи ўтмаяпти”
Мактаб раҳбари Мавлуда Насриддинова муаммонинг илдизларидан бири сифатида оилавий муҳит ва ажримлар кўпайганини қайд этди.
— Ҳозир ўқувчиларимиз орасида шунақа қизлар бор: умуман мактабга келишни хоҳлашмайди. 15-16 ёшдан умуман мактабга келишмайди. Улар мактабдан ташқарида ўзларига иш топиб олишади, биз маҳалла, ИИБ билан тушунтириш ишлари олиб борамиз. Ота-онани чақирган тақдирдаям, уларниям кучи етмайди. Ота-она фақат боласига қараб туради, унга таъсир ўтказа олмайди.
Ҳозир кўп болаларда ота-онага бўйсуниш йўқ. Бунинг сабабларидан бири – бугунги кунда ота-оналар ўртасида ажримлар жуда кўп. Бунга алоҳида қарашимиз керак. Ҳозирги кунда ўзбек оилаларининг орасида қонуний ажрашмасдан туриб бошқа-бошқа билан яшаб юрганлар оз эмас, буниям очиқ гапириш керак. Бу нарсани вояга етиб, тарбия олиб келаётган болалар оилада кўряпти. Отаси бошқага уйланиб оляпти, онаси бошқага эрга тегиб оляпти. Бола қайси биридан тарбия олсин? Ота-онанинг ўзи фарзандининг олдида тили қисилиб қоляпти кўп ҳолларда. Илгари бунақа ҳолатлар кам бўлган. Охирги 10 йилда жуда кўпайиб кетди.
Илгари қайсидир синфда ажрашган оиланинг фарзанди бўлса, ваҳима бўларди, педагогик жамоа болага раҳми келиб, унга бошқача қарардик. Ҳозир эса битта синфга кирсангиз, 35-36 ўқувчидан тенг ярмининг ота-онаси ажрашган. Баъзи жойларда оталар ўз фарзанди қолиб кейинги олган хотинининг болаларини боқади. Ўз зурриёдини боқмайдиган оталар бор.
“Болалар билан боғлиқ жиддий ахлоқий масалалар бор”
Педагог ва ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқнинг фикрича, жамоатчиликка чиқиб қолган можаролар – мактаблардаги ҳақиқий муаммоларнинг фақат кўринаётган қисми холос.
— Ҳозир бутун дунёда таълимда кризис бор. Маълумки, таълимнинг марказида билим бериш туради, лекин ҳозир мактабдан ташқарида ҳам билим олиш имконияти жуда кенг: ахборот асрида бола дарсга келмасдан ҳам билим ола олади. Ҳатто мактабнинг иштирокисиз болалар фан сертификатларини олиб, олий таълимга ҳам кира олишади. Бундан ташқари, масалан ота-онамга дарс берган ўқитувчилар менга ҳам дарс ўтишган. Ҳозир эса ўқувчи билан ўқитувчининг ёш фарқига қаранг, улар деярли бир авлод. Шу каби омиллар ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчининг статуси пасайишига олиб келяпти.
Қолаверса, президент мактаблари ташкил этилгани ва хусусий мактаблар кўпайиб бораётгани ҳисобига, оддий давлат мактабларида билими, ахлоқи ва дунёқараши бўйича юқори турувчи элитар болалар улуши камайяпти. Улар синфлардаги мўтадилликни таъминлаб берарди. Ўқитувчилар бошқа ўқувчиларга уларни мисол қилиб келтира оларди. Президент мактаблари керак, мен улар очилганини танқид қилмоқчи эмасман, лекин бу маълум бир оқибатларни вужудга келтиряпти.
Иккинчи тўлқин таъсирига келсак, элит мактаблар ва хусусий мактабларда яхшироқ ойлик тўланиши ва шароитлар яхшилиги ҳисобига, малакаси юқорироқ ўқитувчилар ҳам табиий равишда оддий мактаблардан чиқиб кетяпти.
Интернетга чиқаётгани – мактабдаги ҳолатларнинг аслида бир фоизи ҳам эмас. Мактабларда болалар билан боғлиқ шундай даҳшатли жиноятлар, ахлоқий масалалар бор. Кўпинча бу масалалар айтилмайди, ҳеч ким буни эшитгиси келмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва директор, синф раҳбари билади холос.
“Ҳуқуқий нигилизм кўзга ташланди”
Абдураҳмон Ташанов мактаб таълими ва умуман ёшлар ҳаётига оид сифатли социологик тадқиқотларга катта зарурат борлигини айтди.
— Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида чиқаётган можаролар – занжир реакциясига ўхшайди. Чунки ўқитувчилар ҳам ўз вақтида айрим мансабдорлар томонидан камситилган, ҳуқуқлари поймол қилинган ҳолатлар кўп бўлди. Натижада занжир реакцияси, яъни аввал ўқитувчининг ўзи “калтак ейди” ва орқасидан бевосита ўзига тобе бўлган ўқувчига қўл кўтаради.
Иккинчидан, бу – ўқитувчига эмас, таг-замирида илмга бўлган муносабат ётибди. Агар бизда жамиятдаги шунақа муаммоларни ўрганадиган, таҳлил қиладиган социология институтлари, нодавлат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари бўлганда, ўзига яраша диагнозлар қўйса бўларди.
275-мактабдаги ҳолатни кўриб турибмиз, бунақа ҳолат билан узоққа бориб бўлмайди. Ўқувчини урди, иш қўзғатилди, жамоатчилик фикр билдирди, кейин жиноят иши тугатилди ва жамоатчилик яна хурсанд бўлди. Аслида бу ерда ҳуқуқий нигилизм бор: ҳақиқатдан чора кўрилиши керак бўлган инцидент содир бўлди, тан жароҳати билан боғлиқ масала бор, лекин иш тугатилди.
Муаммо бу билан тугамайди. Бошқа мактабларда бу нарса давом этаверади. Чунки биз ҳозир ижтимоий депрессия давридамиз: нарх-наволар ошиши, иқтисодий муаммолар кўпайиши, аҳоли ўртасидаги табақалашув, таълимдаги муаммолар ва бошқа комплекс масалалар бор. Шу фонда бу қайта-қайта юзага келаверади. Бугун Тошкентда бўлса, эртага Фарғонада ёки бошқа жойда бўлади. Бу муаммолар илгариям бўлган, лекин ҳозир ОАВда, ижтимоий тармоқларда нисбатан эркинлик бўлгани учун булар бизга кўпроқ кўриняпти.
Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube-каналида, видео орқали томоша қилишингиз мумкин
Мавзуга оид
17:31 / 26.05.2026
Ўқувчини урган ўқитувчи воқеасига расмий баҳо берилди
15:32 / 25.05.2026
Тошкентда ўқувчини урган ўқитувчига оид жиноят иши тугатилди
13:38 / 21.05.2026
Тошкентда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
17:49 / 19.05.2026