Иқтисодиёт | 12:40
2876
7 дақиқада ўқилади

Кичик бизнесга кенг кўламли солиқ эркинликлари эълон қилинди (батафсил)

АОСдан ҚҚСга ўтиш чегараси қарийб 5 млрд сўм деб белгиланди ва бу миқдор БҲМга боғлаб қўйилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш соҳалари учун 6 фоизлик ҚҚСни назарда тутувчи соддалаштирилган солиқ режими жорий этилмоқда. ҚҚС масаласида тадбиркорларни қийнаб келган қатор муаммоларга ечим берилди.

Фото: AP

“Кичик бизнес субектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида” президент фармони эълон қилинди.

ҚҚСга ўтиш чегараси оширилди

2026 йил 1 июндан бошлаб умумий солиқ режимига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 12 000 баравари этиб белгиланади. Бу сумма ҳозирда 4 млрд 944 млн сўмга тенг.

2020 йил 1 январдан буён умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 1 млрд сўм эди.

6 фоизлик ҚҚС

2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорлик субъектларига (давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно) ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади.

Соддалаштирилган тартибда:

  • ҚҚС ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади;
  • фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
  • сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди;
  • солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибида назарда тутилган ҚҚС бўйича мавжуд имтиёзлар, преференциялар ва тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш тартиби қўлланмайди; ҚҚСнинг мавжуд салбий фарқ суммаси ҳисобдан чиқарилади;

Соддалаштирилган тартибдаги тадбиркорлик субъектларидан товарлар ва хизматларни сотиб олган харидорларда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

ҚҚС бўйича соддалаштирилган тартибга ўтиш ёки уни қўллашдан воз кечиш тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан амалга оширилади.

Соддалаштирилган тартибдан умумбелгиланган тартибга ўтилганда, солиқ тўловчи бундай ўтиш санасида ўз балансида мавжуд бўлган товар-моддий захиралар ва узоқ муддатли активлар қолдиқларининг баланс қийматида ҳисобга олинган ҚҚС суммаларини белгиланган тартибда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Солиқ қўмитаси электрон ҳисобварақ-фактуралар ва харид чекларида ҚҚСни 6 фоизлик ставка бўйича ҳисоблаш ҳамда унинг алоҳида ҳисобини юритиш тизимини бир ой муддатда жорий этиши керак.

ҚҚС маъмурчилигини яхшилаш

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинди.

Импортни амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этиш тартиби ҳам тугатилди.

Бундан буён ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси фақат ушбу солиқ тўловчилар ҳисобини юритиш мақсадида берилади ва таъсир чораларини белгилашга асос бўлиб ҳисобланмайди.

2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ хавфи даражаси паст бўлган ҳолларда ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қайтаришда (қоплашда) инсон омили иштирокидаги жорий амалиётдан воз кечилади.

Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 октябрга қадар электрон ҳисобварақ-фактуралар ва солиқ ҳисоботининг хавф даражасини реал вақт режимида баҳолаш натижасида қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини автоматик тарзда қайтариш (қоплаш) амалиётини жорий этиши керак.

Солиқ тўловчиларда мазкур фармон кучга киргунга қадар ҳосил бўлган ҳамда келишда ҳосил бўладиган 10 млн сўмгача ҚҚС бўйича салбий фарқ суммалари уларнинг аризаси талаб этилмаган ҳолда, автоматик тартибда қайтариб берилади. Ушбу суммани қоплаб бериш билан боғлиқ солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Кичик бизнес субъектларига маъмурий юкни камайтириш

2028 йил 1 январга қадар кичик бизнес субъектларига солиқ органларининг “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастури орқали аниқланадиган солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини мустақил тузатиш имконияти берилиб, қуйидаги солиқ текширувлари ўтказилмайди:

  • солиқ хавфи суммаси беш юз миллион сўмгача бўлганда — солиқ аудити;
  • солиқ хавфи суммаси юз миллион сўмгача бўлганда — сайёр солиқ текшируви.

2026 йил 1 июлдан бошлаб камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилганда, солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёни тўлиқ автоматлаштирилиши керак.

2027 йил 1 январдан бошлаб, кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини икки баравар оширган ҳолда чегиришга рухсат берилади.

Меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳалари

2026 йил 1 июндан бошлаб, меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан:

  • алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади;
  • алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади.

2026 йил 1 июндан бошлаб, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун:

  • айрим тоифадаги ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда шу куннинг ўзида ва муайян муддатга расмийлаштириш ва иш ҳақини тўлаш тартиби жорий этилади;
  • тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, тўланган солиқ суммасининг 40 фоизи миқдорида амалга оширилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб, алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкогол маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилади ва унинг ставкаси БҲМнинг 10 фоизи миқдорида белгиланади.

Ижара тўловлари

2026 йил 1 июндан бошлаб, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан фойдаланишда тўланадиган ижара тўлови миқдори Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқланадиган ер солиғининг бир баравари миқдорида белгиланади.

2027 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1 000 метр квадратдан кўп бўлган мол-мулк ижарага берилганда, солиқ солиш мақсадида ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланмайди; Тошкент шаҳри бундан мустасно.

Фармон кучга кирди

Мазкур фармон норма ва қоидалари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, дарҳол кучга кириши белгиланган.

Қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар бир ой муддатга Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид