Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўлимлар водийси – ВАРАНАСИ | SUBYEKTIV
Варанаси. Бу шаҳарда жасадлар олови ўчмаганига неча минг йиллар бўлган. Ганга дарёсида ўликлар ювилади, уларнинг ҳоки оқизилади, чўмилишади ва унинг сувларидан ичишади. Ўтинчилардан тортиб бир чимдим синдур сурувчиларгача — ҳамманинг тирикчилиги ўликчилик билан боғлиқ. Одамлар Варанасига ўлиш учун келишади. Улар ўлим меҳмонхоналарига жойлашиб, умрларининг охирини кутишади. Хўш, нега шундай? SUBYEKTIV дунёдаги энг ноодатий шаҳар ҳақида ҳикоя қилади!
Варанаси ҳақида антиқа маълумотлар шунчалик кўпки, сценарий ёзишда уларни қандай жойлаштириб чиқишда роса иккиландим.
Варанасига тунда етиб келдик. Бизни ҳали олдинда нималар кутаётгани етти ухлаб тушимизга ҳам киргани йўқ. Кўз олдимизда ҳозирча тор кўчалар, майит ёқиш учун тинмай ташилаётган ўтин ва ўтинчилар, ҳар қадамдаги деворларда чизиб ташланган ҳиндуизм тимсоллари, бемалол юрган сигирлар, Ганга дарёсига олиб тушадиган зиналар бор эди.

Ўликлар кремация қилиниб, ҳоки дарёга оқизиладиган бу жойнинг номи – Маникарника Гҳат. Ҳиндистоннинг турли бурчакларидан бу ерга кунига 300 тагача майитлар олиб келиб ёқилади. Жасадларни аввал Ганга сувига ботириб олишади.

Ҳиндуизм эътиқодига кўра, шу билан поклаш жараёни бошланади. Баъзан жасадлар тўлиқ ёнмай қолади. Уларни шу ҳолича Гангага ташлаб юборишади. Афсонага кўра, бу ҳудудда олов абадий ҳисобланади ва у Шива давридан бери ўчмаган.

Бу маросимлар очиқча. Исталган одам уни томоша қилиши мумкин. Фақат тасвирга олишда чекловлар бор. Ҳар қадамда одамлар орасидан чиқиб келадиган норасмий гуруҳлар аъзолари сиздан пул талаб қилишади. Яъни, бу тақиқлар диний чеклов эмас. Тўлаб қўйиб, исталган нарсангизни суратга олаверинг.

Ҳинд фалсафасига кўра, инсон қайта-қайта дунёга келади. Яна яшайди. Яна азоб чекади.
Ва бу айланиш мокшага эришмагунча давом этаверади. Мокша — мана шу занжирнинг узилиши ва бошқа дунёга кетишнинг бошланиши, деб ишонилади.
Шунинг учун миллионлаб одамлар учун Варанаси — оддий шаҳар эмас. У ер билан осмон ўртасидаги чегарадек қабул қилинади. Кимки айнан бу ерда ҳаёт билан видолашса ёки Ганга сувида покланса, унинг руҳи мокшага яқинлашади. Бу эса ҳиндуизмнинг олий мақсади.
Ўлим меҳмонхоналари
Бошқа жойларда ўлим кутилмаган тасодиф бўлса, бу ерда у манзил ва мақсад. Ўлим уйида 20 йилдан ортиқ яшаётган бу икки аёлнинг ҳар бири бу ерга келганидан бери 20 минг доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Бу маблағнинг маълум қисмини улар Варанасига келишдан олдин йиғган бўлишса, қолганини фарзандлари шаҳарнинг хайрия фондига оналари учун ташлаб туришади. Бу каби уйлар маҳаллий хайрия ташкилотлари томонидан ҳам молиялаштирилади. Меҳмонхонанинг ҳар бир хонасидан одам ўлгандан кейин олиб чиқилади.
Агорилар
Варанасидаги энг сирли ва тушуниш қийин бўлган гуруҳлардан бири — агорилар. Улар оддий руҳонийлардан бутунлай фарқ қилади. Муқаддас жойлари эса ибодатхона эмас. Кремация майдонлари.

Агориларнинг асосий ғояси оддий: дунёда ёмонлик ёки ифлослик деган тушунча йўқ. Тақиқланган ёки рад этилган нарсалардан қочишмайди, аксинча, уни қабул қилади. Шунинг учун ҳам энг қабул қилиб бўлмас, антисанитар, ахлоққа зид ишларни ҳам қилаверишади.
Кўплари танасига кремациядан қолган кул суради. Бу оддий ҳаракат эмас; тананинг вақтинчалигини ва ҳаётнинг мослашувчанлигини эслайдиган рамз. Улар ўз қарашларига мувофиқ, жамиятдан чекинган ҳолда яшайди. Қашшоқликни ва яккаликни қабул қилиш орқали ҳақиқий озодликни излайди.
Одамлар орасида пул сўраб юрадиган руҳонийлар ҳам, агориларнинг ҳам ҳаммаси сохта. Улар сайёҳларга ўзини шундай таништириб пул ишлаш илинжида шу ясама тимсолга айланиб олишади.
Варанаси ҳақидаги ҳикоянинг тўлиқ шаклини юқоридаги YouТube ҳаволаси орқали томоша қилинг!
Мавзуга оид
09:16 / 29.05.2026
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини қўллаб-қувватлади
19:15 / 01.05.2026
МУМБАЙ. Харобадаги миллиардлар | SUBYEKTIV
08:35 / 27.04.2026
Амбаниларнинг 200 млрд долларлик бизнес империяси. Ҳаммаси қандай бошланганди?
20:13 / 25.04.2026