Жаҳон | 08:17
873
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг гавжум темирйўл вокзаллари рейтинги эълон қилинди

Дунёдаги энг гавжум темирйўл вокзаллари мегаполисларнинг йирик транспорт марказлари бўлиб, уларда ишбилармонлик, савдо ва кундалик ҳаёт бир неча шаҳар ҳудудларини қамраб олган ягона тизим сифатида шаклланган.

Фото: Wikipedia

Рейтингда Токиодаги Синдзюку вокзали биринчи ўринни эгаллади. У ҳар йили тахминан 1,164 миллиард йўловчига хизмат кўрсатади. Кейинги ўринларда Сибуя (1,023 миллиард) ва Икэбукуро (843 миллион) вокзаллари қайд этилган.

Топ-5 таликка яна Осака-Умэда ва Иокогама вокзаллари кирган бўлиб, бу Япониянинг мазкур рейтингдаги устунлигини намоён этмоқда. Ҳиндистоннинг Хаура ва Сеалда вокзаллари эса шаҳар атрофи ва минтақавий ташувлар ҳажмининг улканлиги билан ажралиб туради.



Рейтингдаги ўнта ўриннинг саккизтасини Япония вокзаллари эгаллаган. Улардан бештаси Токио шаҳрида жойлашган. Мутахассислар бу ҳолатни мамлакатнинг юқори зичликка эга темирйўл тармоғи, тез-тез амалга ошириладиган йўловчи алмашинуви ва қатновлар интенсивлиги билан изоҳламоқда.

Синдзюку вокзали 1885 йилда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда марказий Токио, шаҳар атрофи ва минтақавий йўналишларни боғловчи асосий транспорт тугуни ҳисобланади. Вокзал ҳудудида 200 дан ортиқ чиқиш йўлаклари ва бир нечта ерости қаватлари мавжуд.

Рейтингнинг кейинги ўринларида Кита-Сэндзю, Токио ва Нагоя вокзаллари ҳам қайд этилган. Улар нафақат транспорт марказлари, балки савдо, меҳмонхона ва офис инфратузилмаси билан уйғунлашган йирик шаҳар комплекслари сифатида ҳам фаолият юритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид